30.08.2024 15:40

Ливиянинг нефть ва газ қазиб олиш тўхтатилишидан кўрган зарари 120 млн доллардан ошди

Ливия Вакиллар палатасининг нефт ва газ қудуқлари фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қароридан кўрилган зарар уч кун ичида 120,3 миллион доллардан ошди, деб хабар берди "Анадолу" Ливия миллий нефт корпорацияси (NОC)га таяниб.

26 август, душанба куни Вакиллар палатаси (парламент) томонидан ваколат берилган шарқий Ливия ҳукумати томонидан барча конлар, портлар, нефть ташкилотлари ва корхоналарида форс-мажор ҳолатлари эълон қилинди ҳамда кейинги огоҳлантиришгача нефть қазиб олиш ва экспорт қилиш тўхтатилди.

Ишлаб чиқаришни тўхтатиш қарори мамлакат ғарбида жойлашган Ливиянинг халқаро тан олинган ҳукумати билан келишмовчиликлар фонида қабул қилинди. Баҳслар Ливия Марказий банки раҳбарияти атрофида кечмоқда.

Аввалроқ Ливия Марказий банки ахборот технологиялари менежери Мусаб Муслим 18 август куни ўғирлаб кетилгани сабабли ўзининг барча фаолиятини тўхтатганини маълум қилган эди.

Шу куни Ливия Президент кенгаши мамлакат Марказий банкининг янги раҳбарини сайлаш ва регуляторнинг янги кенгашини шакллантириш бўйича бир овоздан қарор қабул қилганини билдирди.

Қарор мамлакатда молиявий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, Марказий банк ўз вазифаларини самарали ва тўлақонли бажариши, шунингдек, молиявий хизматлар узлуксизлигини таъминлаши мақсадида қабул қилинди, деб таъкидлади Президент кенгаши.

19 август куни Ливия Вакиллар палатаси президентлик кенгаши қарорига қўшилмаслигини маълум қилди. 

Маълумот учун, Ливия Марказий банкини 2011 йилдан буён Сиддиқ ал-Кабир бошқариб келади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.