24.08.2024 16:36

Ливияда қуролли гуруҳлар ва ҳукумат Триполи хавфсизлигини таъминлашга келишиб олди

Ливияда қуролланган гуруҳлар ва расмий ҳукумат пойтахт Триполида муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишувга эришди, деди жума куни мамлакат ички ишлар вазири БМТнинг яқиндаги жанговар ҳаракатлар ва мамлакат марказий банки билан боғлиқ инқироздан хавотир билдирганидан сўнг.

6,8 миллион аҳолига эга Шимолий Африка мамлакатини узоқ йиллар бошқарган диктатор Муаммар Қаддафий 2011 йилда НАТО томонидан қўллаб-қувватланган қўзғолон ортидан ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Мамлакат ҳозирда пойтахт Триполидаги БМТ томонидан тан олинган бош вазир Абдулҳамид Дбейба ҳукумати ҳамда шарқда ҳарбий етакчи Халифа Хафтар томонидан қўллаб-қувватланадиган рақиб маъмурияти ўртасида бўлинган.

"Мудофаа вазирлиги билан келишилган ҳолда Триполидаги барча хавфсизлик хизматларини бирлаштирдик ҳамда аэропортлар ва қуруқликдаги чегараларни, шунингдек, пойтахтдаги ҳукумат (муассасалар) штаб-квартираларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришдик", деди БМТ томонидан тан олинган ҳукуматнинг ички ишлар вазири Имад Трабелси.

Қуролли гуруҳлар ва хавфсизлик хизматлари келишувни кучга киритишга “зудлик билан тайёрлигини билдирди”, дея қўшимча қилди у.

"24 соат ичида барча ҳукумат биноларини, шу жумладан Ливия Марказий банки биносини қўриқлаймиз", дея қўшимча қилди у.

Банкни 2012 йилдан буён бошқари келаётган Сиддиқ Ал-Кабир бош вазирга яқин шахслар томонидан Ливия нефть ресурслари ва давлат бюджети масаласида танқид қилинган эди.

Сешанба куни БМТнинг мамлакатдаги сиёсий миссияси раҳбари вазифасини бажарувчи Стефани Хури БМТ Хавфсизлик Кенгашига “Ливиядаги вазият охирги икки ой ичида кескин ёмонлашгани”, Триполи атрофида қуролланган гуруҳлар билан тўқнашувлар бўлиб ўтганини маълум қилган эди.

БМТ миссияси (ЮНСМИЛ) пайшанба куни томонларни вазминликка чақириб, "Триполида кучлар сафарбар этилгани ҳақидаги хабарлар, жумладан, Ливия Марказий банки атрофидаги инқирозни ҳал қилиш учун куч ишлатиш таҳдиди"дан жиддий хавотир билдирди.

Пайшанба куни кечқурун АҚШ элчихонаси ҳам банк атрофидаги кескинлик ошгани, масалани куч билан ҳал қилишга уриниш ташкилот яхлитлиги ва унинг жаҳон молия тизимидаги мавқеига таъсир қилишини билдирди.

Тахминан икки ҳафта олдин бир неча ўнлаб одамлар, баъзилари қуролланган ҳолда, банк штаб-квартираси олдига йиғилиб, Кабирнинг истеъфосини талаб қилишди.

Ўтган якшанба куни эса банкнинг IT директори номаълум гуруҳ томонидан қисқа муддатга ўғирлаб кетилган ва бу муассасани озодликка чиққунга қадар фаолиятини тўхтатишга мажбур қилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.