12.03.2024 10:08

Ливия етакчилари янги қўшма ҳукумат тузишга келишиб олди

Ливиянинг асосий уч етакчиси якшанба куни кечиктирилган сайловларни назорат қилувчи янги қўшма ҳукумат тузиш «зарурлиги» тўғрисида келишиб олишганини маълум қилди, деб ёзмоқда Yenisafak нашри. Ливияда ўн йилдан ортиқ давом этаётган можарони ҳал қилиш бўйича сиёсий жараён 2021 йил декабрига белгиланган сайловлар асосий номзодларнинг қонуний ҳуқуққа эгалик масаласидаги келишмовчиликлар туфайли барбод бўлганидан кейин тўхтаб қолганди.

Триполида бўлган Президент кенгаши (ПК) раиси Муҳаммад Манфий, Олий давлат кенгаши (ОДК) раҳбари Муҳаммад Такала ва Бинғозидаги Вакиллар палатаси (ВП) спикери Агила Солиҳ Қўшма баёнотда БМТнинг Ливиядаги миссияси ва халқаро ҳамжамиятни таклифларини қўллаб-қувватлашга чақириб, "баҳсли масалаларни кўриб чиқиш" учун техник қўмита тузишга рози эканликларини маълум қилишди.

Етакчилар Қоҳирада Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Ғийт таклифига биноан учрашди. "Бугун келишилган чора-тадбирлар жуда муҳим бошланиш, деб ҳисоблаймиз. Бу ливияликларнинг сайлов ўтказиш истагига мос келадиган натижалар", деди Манфий учрашувдан сўнг матбуотга.

Манфий 2021 йилда бош вазир Абдулҳамид ал-Дбайба бошқарувида БМТ томонидан қўллаб-қувватланган миллий бирлик ҳукумати (МБҲ) тузилганида ҳокимият тепасига келди, бироқ мамлакат парламенти унинг қонунийлигини тан олмади.

Ливиядаги можарони ҳал қилишга қаратилган халқаро дипломатия айни вақтда фаолият кўрсатаётган вақтинчалик сиёсий институтлар, жумладан, Президентлик кенгаши, Олий давлат кенгаши ва Вакиллар палатаси ўрнини эгаллаши керак бўлган парламент ва президентлик сайловларини ўтказишга асосий эътибор қаратмоқда.

Ливия 2011 йилда НАТО томонидан қўллаб-қувватланган ва собиқ етакчи Муаммар Қаззофийнинг ўлими билан якун топган тартибсизликлардан бери тинчликка эриша олгани йўқ. Мамлакат 2014 йилда шарқий ва ғарбий қисмларга бўлиниб кетди, уларнинг ҳар бири рақиб ҳукуматлар томонидан бошқарилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.