10.02.2025 16:20

Ливияда муҳожирларнинг оммавий қабрлари топилди

Ливия жануби-шарқидаги чўл ҳудудида 50 га яқин муҳожир жасади топилди. Бу ҳақда маҳаллий хавфсизлик идоралари маълум қилди.

Расмийларга кўра, биринчи оммавий қабр жума куни Куфра шаҳридаги фермада аниқланган бўлиб, унда 19 жасад борлиги тасдиқланган. Жасадлар суд-тиббиёт экспертизасига юборилган.

Шанба куни эса Куфрадаги одам савдоси марказига қилинган рейддан сўнг иккинчи қабр топилди. Маҳаллий тезкор гуруҳ раҳбари Муҳаммад ал-Фадеилга кўра, қабрда камида 30 киши дафн этилган бўлиши мумкин. Гувоҳлар қабрда 70 нафаргача жасад бўлиши эҳтимолини билдирган. Баъзи маълумотларга кўра, муҳожирларнинг бир қисми тириклайин отиб ташланган.

Ҳозирда қидирув ишлари давом этмоқда. Мутасаддиларнинг фикрича, минтақада шунга ўхшаш яна кўплаб қабрлар бўлиши мумкин.

Ливия Африка ва Яқин Шарқдан Европага боришга уринаётган муҳожирлар учун асосий транзит нуқтаси ҳисобланади. 2011 йилда Муаммар Қаддафий ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин мамлакат беқарорликка юз тутди ва қуролли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳалигача давом этмоқда.

Одам савдогарлари ушбу вазиятдан фойдаланиб, муҳожирларни Чад, Нигер, Судан, Миср, Жазоир ва Тунис орқали олиб ўтишмоқда. БМТ маълумотларига кўра, муҳожирлар қийноқлар, жинсий зўравонлик ва мажбурий меҳнатга дучор бўлмоқда, шунингдек, жиноий гуруҳлар уларни товламачилик учун ишлатмоқда.

Ҳозирда Ливиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро жамоатчилик мазкур ҳодиса бўйича тергов ўтказиш ва муҳожирларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.