Le Monde – Швецияда мусулмонларга ҳужумлар кучайгани ҳақида
Le Monde газетасининг ёзишича, сўнгги йилларда Швецияда умуминсоний қадр-қимматни туширишга қаратилган мусулмонларга қарши ҳужумлар сони ортган. Бу каби ҳодисалар бутун мамлакат миқёсида кенг тарқалган бўлиб, масжидларга ҳужум қилиш ва ҳижобли аёлларни ҳақорат қилишдан тортиб, иш жойида ёки жамиятда исломга қарши сўзларни айтиш кабиларда намоён бўлмоқда.
Сковдедан
хабар берган журналист Анне-Франсуаза Хиверт 2023 йилда очилган Сковде
масжидига ёввойи чўчқа гўшти ташлаб кетилган воқеани тасвирлаб берди. Жиноятчи қилмиши
Босния ислом уюшмаси томонидан ўрнатилган видеокузатув камералари томонидан
ёзиб олинганидан бехабар бўлган.
“Афсуски,
биз бундай ишларга ўрганиб қолганмиз”, – дейди уюшма аъзоси Мирза Бабович (66). У эски
намозхонлар залида исломга қарши рамзлар чизилгани, қурилиш майдончасига чўчқа
қолдиқлари ташлаб кетилгани ва дераза ойналари синдириб кетилгани каби ҳолатларни
эсга олди.
Имом
Самажо Саҳат Европада Исломга қарши риторикалар жўрлигида бўлиб ўтган
умумевропа сайловларидан бир неча кун муқаддам содир бўлган яна бир салбий ҳодиса
тўғрисида полицияга шикоят қилгани, бироқ бу каби ҳолатлар реклама қилинмаслиги
ҳамда бошқалар хаёлида уларни содир этиш фикрини уйғотмаслик мақсадида бу ҳақда
матбуотга маълум қилмаганини айтди. Бироқ маҳаллий матбуот бу ҳақда хабар
топиб, кенг ёритган.
Швецияда
Исломга қарши гап-сўзлар юқори лавозимли сиёсатчилар томонидан ҳам баралла
таъкидлаб келинади. Хусусан, ўта ўнг партия етакчиси Жимми Акессон 2023 йил
ноябрь ойида масжидларни вайрон қилиш, янгиларини қуришни тақиқлаш ва исломий
жамоалар устидан назорат ўрнатишни хоҳлаётганини айтган эди. Унинг ўринбосари
Ричард Жомшофф эса жамоат жойларида барча исломий рамзларни фашистлар рамзига
ўхшатиб, уларни тақиқлашга чақирди.
Ижтимоий
тармоқларда ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи ўта ўнг партия вакиллари
“шведлар ўз мамлакатларида озчиликка айланмоқчи” дея “Швециянинг исломлашувини”
қоралашда давом этмоқда. Жимми Акессоннинг айтишича, мусулмонлар
"Швеция учун энг катта хавф"дир. Бошқа гуруҳлар ҳам Европа сайловлари
олдидан ушбу
риторикадан фойдалана бошладилар.
Христиан Демократик партияси етакчиси, ҳукуматдаги иккинчи рақамли шахс ҳисобланган
Эба Буш Швецияда “исломнинг юксалиши билан боғлиқ катта муаммо” борлигини ва
мусулмонлар “ҳижоб ўрамайдиган
аёлларни тошбўрон қилиш
ҳамда гомосексуалларни осмонўпар бинолардан пастга улоқтиришга тайёр” эканини
айтди.
Бу каби
изоҳлар Volvo заводи
ишчиси, 47 ёшли Масуд Бабични ҳайратда қолдирди, у мусулмонларни потенциал
"жиноятчи ёки террорчи" сифатида кўрсатиш давом этаётганидан
ғазабланган. Унинг таъкидлашича, қизлари мактабда ёки иш қидираётганда камситишларга
дучор бўлишларидан қўрқиб, ижтимоий тармоқларга масжид тадбирларида тушган
суратларини жойлаштиришни тўхтатган.
1995 йилдаги
уруш вақтида
Сараеводан қочган Самажо Саҳат Швецияни танимаётгани таъкидлаб, уни “бутунлай бошқа давлат” деб атайди.
Сковде касалхонасида ҳам ишлайдиган имом сиёсий етакчиларни мусулмонларни
ҳақорат қилиш ва қўрқитишни қонунийлаштирганликда айблайди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенгашнинг сўнгги
маълумотларига кўра, 2022 йилда исломга қарши ҳаракатлар юзасидан 234 та
мурожаат тушган. Бироқ, таҳлилчи Лиза Уолленга кўра, бу рақамлар ҳақиқий ҳолатни англатмайди,
чунки кам сонли одамлар шикоят қилишга журъат
этади. Унинг таъкидлашича, 160 минг қочқиннинг, асосан, Яқин Шарқдан келганлари “сўнгги томчи” бўлган.