20.08.2024 13:12

Курск вилоятидаги ҳужумларда 17 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Курск вилоятидаги ҳужумлар натижасида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТАСС тиббий хизматларга таяниб хабар бермоқда.

“Охирги маълумотларга кўра, Украина Қуролли кучлари ҳужумлари натижасида 17 киши ҳалок бўлган. 140 дан ортиқ жабрланганлардан 75 нафари касалхонага ётқизилган, улардан 4 нафари бола”, — деди агентлик манбаси.

Аввалроқ, 12 август куни вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Россия президенти Владимир Путинга Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига уюштирган ҳужумлари натижасида 12 киши ҳалок бўлгани ва яна 121 нафар фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. 

Курск вилоятидаги вазият

6 август куни эрталаб Украина Қуролли Кучлари Россиянинг Курск вилояти чегара ҳудудларига бостириб кирди. Чегара ҳудудларида Россия ва Украина қўшинлари ўртасида шиддатли жанглар давом этмоқда, аҳоли пунктларида учувчисиз самолётларнинг кенг кўламли ҳужумлари қайд этилмоқда, вақти-вақти билан ракета ҳужуми ҳақида огоҳлантириш сигналлари эшитилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига бостириб кирганидан сўнг жанглар асосан вилоятнинг Кореневский ва Сужа, қисман Беловский ва Лговский туманларида давом этган.

Минтақадаги вазият федерал фавқулодда ҳолат сифатида тан олинган.

Бундан ташқари, Россиянинг Белгород, Курск ва Брянск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилган.

Айни пайтда бир қатор ҳудудларда тинч аҳолини эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. 12 август куни Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Владимир Путинга эвакуация қилиниши керак бўлган 180 минг кишидан 121 минг киши аллақачон ҳудудни тарк этгани ҳақида хабар берди. Ўз навбатида, РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Курск вилоятининг чегара ҳудудларидан 121 мингдан ортиқ одам кўчирилганини маълум қилди.

Айни пайтда Украина томони Курск вилоятида 90 дан ортиқ аҳоли пункти назорат остига олинганини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Сужа шаҳри Украина армияси назоратига ўтганини маълум қилганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.