23.03.2024 12:32

Канада Исроилга ҳарбий маҳсулотлар экспортини тўхтатадими?

Канада ҳукуматни Исроилга рухсат беришни тўхтатишга чақирувчи парламент резолюциясига қарамай, Исроилга ҳарбий маҳсулотлар экспортини давом эттиради, дея хабар қилди TRT. Шу билан бирга, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги келажакда бундай етказиб бериш бутунлай тўхтатилишини маълум қилди.

Аввалроқ Канада парламенти Исроилга қурол экспортини тақиқловчи мажбурий бўлмаган резолюцияни қабул қилган эди. Биринчи таҳрирда ҳужжат Фаластин давлатини тан олишга чақириқни ҳам ўз ичига олган эди, аммо бу чақириқ қабул қилинган талқинда олиб ташланган.

Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли Toronto Star газетасига берган интервьюсида Исроилга қурол экспортига «ҳақиқий» тақиқ жорий этиш ниятида эканлигини билдирди.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац эса буни "Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш қонуний ҳуқуқига путур етказадиган афсусли ҳолат" деб ҳисоблади.

Жоли 8 январдан бошлаб Исроилга ҳарбий ускуна ва технологияларни экспорт қилиш учун рухсатномаларни вақтинча тўхтатиб қўйилгани, Исроилга фақат “ўлимга олиб келмайдиган” юклар, масалан, алоқа воситалари жўнатилаётганини таъкидлади.

Ғазодаги урушнинг дастлабки икки ойи давомида Канада Исроилга камида 28,5 миллион долларлик ҳарбий маҳсулотлар экспорт қилди, дея қайд этади The Maple.

Маълумотларга кўра, Исроил Канада қурол-яроғларини импорт қилувчи давлатлар ўнталигига киради. Radio Canada маълумотларига кўра, 2022 йилда Исроилга 15 млн доллардан ортиқ, бир йил олдин эса 19 млн долларлик ҳарбий техника экспорт қилинган.

Март ойида адвокатлар ва Канададаги фаластинликлар коалицияси Оттава ҳам ички, ҳам халқаро қонунларни бузаётганини кўрсатиб, Канада ҳукуматига Исроилга қурол экспортини тўхтатиш талаб қилинган шикоятни йўллаган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.