30.01.2024 15:18

Канада бош вазири мамлакатда исломофобия кучайиб бораётганидан хавотир билдирди

Канада бош вазири Жастин Трюдо мамлакатда исломофобия ҳолатлари ортиб бораётганидан хавотир билдирди, дея хабар бермоқда Anadolu.

Бу ҳақда ҳукумат раҳбари Канадада 29 январь куни нишонланадиган исломофобияга қарши кураш куни муносабати билан қилган мурожаатида маълум қилди. Бу сана 2017 йилнинг 29 январида Квебек ислом маданият маркази масжидига қилинган қуролли ҳужум қурбонлари хотирасига белгиланган. Бош вазир қонли воқеада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан бирдамлигини таъкидлади.

"Сўнгги ойларда Канадада мусулмонларга нисбатан нафрат сўзлари, камситиш ва исломофобия даҳшатли даражада ўсди", деди Трюрдо.

Ҳукумат раҳбари мавжуд вазиятни номақбул деб атади. Бош вазирнинг ишонтиришича, ҳукумат мамлакат фуқаролари “ўз уйларида, маҳаллаларида ва ибодат жойларида ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари” учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

Канада Мусулмонлари Миллий Кенгаши (NCCM) Х ижтимоий тармоқдаги баёнотида Канада ҳукуматини нафрат ҳодисаларининг олдини олиш ва исломофобияга қарши курашни кучайтириш учун чора кўришга чақирди.

2017 йилнинг 29 январида Александр Биссоннет Квебекдаги Ислом маданият маркази биносига уюштирган қуролли ҳужум натижасида олти намозхон ҳалок бўлган, 19 нафари яраланганди. Ҳужум қилган шахс воқеа жойидан қочишга уринган, бироқ полиция томонидан қўлга олинган.

Кейинчалик жиноятчи "кўпроқ одамни ўлдирмаганидан афсусда эканлигини" айтди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.