27.09.2024 09:30
Исроилнинг Ливанга ҳужуми: 748 киши ҳалок бўлди
Исроил армияси охирги 24 соат ичида Ливаннинг турли ҳудудларига ҳаво ҳужумларини уюштиришда давом этмоқда, натижада 94 киши ҳалок бўлди, 168 киши тан жароҳати олди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, жанубдаги Набатия вилоятида содир этилган ҳужумларда 26 киши ҳалок бўлган, яна 42 киши яраланган. Жанубий Ливан провинциясида эса 14 киши ҳалок бўлди ва 38 киши яраланди.
Бундан ташқари, шарқий Бекаа вилоятида ҳам ҳужумлар натижасида 23 киши ҳалок бўлган, 30 киши жароҳатланган. Шунингдек, Баалбек ал-Ҳирмил ҳудудидаги зарбалар натижасида 25 киши ҳалок бўлган ва 14 киши яраланган.
Исроил армияси Жабал Ливан ҳудудига ҳам ҳужум қилди, 4 киши ҳалок бўлди, 29 киши яраланди. Бундан ташқари, пойтахт Байрутнинг Даҳиеҳ маҳалласида уюштирилган ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди.
Маълумот учун, Исроил армияси 23 сентябрдан буён Ливанга ҳаво ҳужумларини кучайтириб, жанубий шаҳарлар ва Бекаа ва Баалбек ҳудудларига юзлаб зарбалар бермоқда.
Ливан ҳукумати маълумотларига кўра, Исроилнинг мамлакат ҳудудларини бомбардимон қилиш натижасида жами 748 киши ҳалок бўлган, 150 мингга яқин киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
“Ҳизбуллоҳ” ҳаракати эса, ўз навбатида, Исроил армиясининг интенсив ҳаво ҳужумларига ракета ҳужумлари билан жавоб қайтармоқда. Исроил томонида одатда ҳарбий базалар нишонга олинади, бироқ катта зарар ҳақида хабар берилгани йўқ.
Айни пайтда Ливаннинг жанубий вилоятларидан пойтахт Байрут ва мамлакат шимолига миграция давом этмоқда, шунингдек, Сурия томон қочқинлар ҳаракати ҳам кузатилмоқда.