Исроилда "мажбурий ҳарбий хизмат" инқирози: бош раввин мамлакатни тарк этиш билан таҳдид қилди
Исроилда Сефардлар бош раввини Изҳак Ёсеф ультра-ортодокс яҳудийлар учун мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилса, мамлакатни тарк этиш билан таҳдид қилди.
Ёсефнинг
ишғол остидаги Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний кўчманчиларнинг кўпчилигини ташкил
этувчи Ҳареди аҳолиси ҳарбий хизматга чақирилишига йўл қўймаслик учун ҳукуматга
босим ўтказишга уриниши сиёсий доираларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Инқирознинг сабаби нимада?
Исроил Олий суди 2017 йилда Ҳареди Ешива диний
талабаларининг мажбурий ҳарбий хизматдан озод этилишини назарда тутувчи қонунни
камситиш аломатлари борлигини
сабаб сифатида келтириб, бекор қилди. Суд қарорида ҳукуматдан кўпроқ
ультра-ортодокс
яҳудийларни ҳарбий хизматга жалб қилиш учун янги қонун қабул қилиш сўралган. Бу
талаб ҳукуматларнинг овозларни йўқотишдан хавотирлари туфайли йиллар давомида
қолдириб келинаётган эди.
Ушбу
тоифадаги фуқаролар ҳарбий хизматдан озод қилинишининг охирги муддати 24
мартда тугайди.
Исроилнинг Kanal 12 хусусий телеканалига берган интервьюсида
Ёсеф агар диндор исроилликлар ҳарбий хизматга мажбурланса, уларнинг барчаси
хорижга чиқиб кетишларини
айтди. Ёсеф исроиллик диндорларга ишора қилиб, "Агар бизни армияга
мажбурлашса, ҳаммамиз мамлакатдан чиқиб кетамиз. Билет сотиб олиб, кетамиз", деди.
Унинг фикрича,
дунёвийлар давлатни хавф остига қўяди. “Тавротсиз, диний мактабларсиз армия муваффақиятга эриша олмасди ва Исроил
армияси Тавротга ишонган диндорлар туфайли муваффақият қозонмоқда”, - дея даъво
қилди у.
Яир
Лапид: Маошини давлатдан олади
Мухолифат
етакчиси, Исроилнинг собиқ бош вазирларидан бири Яир Лапид бош раввиннинг
сўзларига муносабат билдирар экан, "Раввин Ёсефнинг сўзлари уят ва ватан
учун жонини фидо қилган исроиллик аскарларга нисбатан ҳақоратдир. Раббин Ёсеф
давлат ишчиси, маошини давлатдан олади, давлатга таҳдид қила олмайди. Армиядан
ким қочса қочсин, Исроил давлатидан бир тийин ҳам ололмайди”, - деди.
Собиқ
ташқи ишлар вазири, “Бизнинг уйимиз Исроил” партияси раҳбари Авигдор Либерман
ҳам Ёсефни мамлакат хавфсизлигига зарар етказганликда айблади.
Исроил
аҳолисининг 13 фоизини ташкил этувчи ва 2035 йилга бориб 19 фоизга етиши кутилаётган
ультра-ортодокс яҳудийлар уч йиллик мажбурий ҳарбий хизмат ўрнига диний
мактабларда ўқиш ҳуқуқига эга. Айримлар диний турмуш тарзи ҳарбий
талабларга зид келади, деса, бошқалар мафкуравий жиҳатдан дунёвий давлатга
қарши. Ўтган ҳафта ультра-ортодокс яҳудийлар “Ўламиз, лекин ҳарбий хизматга
бормаймиз” каби шиорлар билан
Тел-Авив яқинидаги автомагистрални тўсиб қўйган эди.
Исроил бош
вазири Беньямин
Нетаняху ўтган ҳафта қилган баёнотида, ультра-ортодокс яҳудийларни армияга жалб этишни мақсад қилганини
айтди.