02.12.2024 07:17

Исроилда масжидлардаги овоз кучайтиргичларни мусодара қилишга буйруқ берилди

Исроил миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнг кучлар вакили Итамар Бен-Гвир масжидлардаги овоз кучайтиргичларни мусодара қилиш ҳақида буйруқ берди. У ўз қарорини "яҳудий аҳолисини безовта қилаётган" "шовқин" ҳақидаги шикоятларга асослади.

Исроил матбуоти хабарларига кўра, Бен-Гвир Исроил полициясига масжидлар, айниқса, яҳудий ва араблар аралаш яшайдиган шаҳарлардаги овоз кучайтиргичларни тортиб олишга кўрсатма берган. Унинг сўзларига кўра, бундай чоралар масжидлардан чиқадиган “товуш ифлосланишини камайтириш”га қаратилган.

"Исроилликлар учун ноқулайлик манбаи бўлган масжид карнайларининг чидаб бўлмас шовқинини камайтирадиган сиёсатни олиб бораётганимдан фахрланаман" - деб ёзди Бен-Гвир Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Исроилдаги мусулмон жамоалар ушбу қарордан норозилик билдириб, буни яна бир камситиш ва диний ҳуқуқларини чеклаш ҳаракати сифатида баҳоладилар.  Жамоат ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бундай хатти-ҳаракатлар диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқини поймол этиши ва жамиятлараро низоларнинг кескинлашувига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Бу Исроил ҳукуматидаги ўта ўнг вазирларнинг хатти-ҳаракатлари жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган биринчи ҳолат эмас.  Аввалроқ яна бир ўта ўнг вазир Безалел Смотрих Ғарбий Соҳилни аннекция қилиш учун инфратузилма яратиш режалари ҳақида маълум қилган эди.

Кнессетдаги фракция йиғилишида у шундай деди:

"2025 йил Яҳудия ва Самария устидан ҳукмронлик йили бўлади".

Ушбу режалар Фаластин ҳудудларини тўлиқ ишғол қилишга тайёргарликни ўз ичига олиб, мустақил Фаластин давлатини яратиш имкониятини амалда истисно қилади. Бундай баёнотлар халқаро ҳамжамият томонидан Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал этишга таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Иброҳим масжидига кириш чекланди


2024 йил 22 ноябрда Бен-Гвир исроиллик кўчманчиларнинг Хеврондаги Иброҳим масжид мажмуасидаги оммавий ташрифида иштирок этди. Шу куни Исроил кучларида яҳудийлар байрамлари нишонланиши баҳонасида мусулмон диндорлар учун зиёратгоҳга кириш ёпилди.

Бу ҳақда маҳаллий манбалар шундай деб хабар берди:

“Кўчманчилар диний маросимларни ўтказиши учун ибодатхона ходимлар ва мусулмон жамияти вакилларидан тозаланди”.

Бундан ташқари, эски шаҳарнинг кўплаб кўчалари ёпилди, айрим ҳудудларда комендантлик соати жорий этилди.

Дискриминация ва ҳуқуқларни чеклаш сиёсати

Исроил ҳукуматидаги ўта ўнгчи вазирлар, жумладан Итамар Бен-Гвир ва Безалел Смотрих томонидан қабул қилинган қарорлар Исроилдаги Фаластин аҳолиси ва мусулмон жамоаларига нисбатан зулмнинг янада кучайишидан хавотир уйғотмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил ҳукуматини минтақадаги вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин бўлган камситиш амалиётларидан воз кечишга бир неча бор чақирган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.