Исроилнинг «Маарив» газетаси мамлакатда давом этаётган уруш ва унинг иқтисодиётга ҳалокатли таъсири натижасида 46 мингта ширкат ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлганини маълум қилди. Нашр Исроилни «қулаётган давлат» деб атади.

Исроил ахборот хизматлари ва кредит хавфи бошқарув компанияси CofaceBdi бош директори Ёел Амир «Маарив»га берган интервьюсида:

«Бу кўплаб соҳаларни қамраб олган жуда катта рақамдир. Уруш бошланганидан бери ёпилган бизнесларнинг тахминан 77 фоизи, яъни тахминан 35 мингтаси кичик бизнес вакили бўлиб, улар иқтисодиётдаги энг заиф ҳисобланади», - деди.

Умуман, хабарга кўра, энг заиф соҳалар қурилиш соҳаси ва унинг атрофидаги бутун экотизим: керамика, совутиш тизимлари, алюминий, қурилиш материаллари ва бошқаларни ишлаб чиқарувчилар - буларнинг барчаси CofaceBdi хавф рейтингларига кўра, сезиларли даражада зарар кўрган.

Уруш савдо соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Бунга хизмат кўрсатиш соҳаси ва мода, мебель, уй-рўзғор буюмлари, кўнгил очиш, транспорт ва туризм каби соҳалар киради.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Исроилда хорижий туризм деярли йўқ бўлиб кетиш арафасида. Мамлакат бўйлаб барча бизнесларга у ёки бу даражада зарар етган ва деярли ҳеч бир соҳа бундан омонда эмас.

Бунга жануб ва шимолдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам киради. Иккала ҳудуд ҳам Фаластин қаршилик кучлари ва Ливан Ҳизбуллоҳининг таҳдидлари туфайли фаол жанг майдонларига айланган. Ҳизбуллоҳнинг Исроилга қарши қўллаб-қувватлаш фронти иқтисодиётнинг қулашига сезиларли ҳисса қўшди.

CofaceBdi бош директорининг фикрича, 2024 йил охирига қадар 60 мингта Исроил бизнесининг ёпилиши кутилмоқда.

Ҳизбуллоҳнинг ҳужумлари шимолдаги маҳаллий бизнес ва таълимга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ўн минглаб муҳожирлар эвакуация қилинишга мажбур бўлдилар. Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насраллоҳ 10 июль куни: «Душман иқтисодиётини қуритиш мақсадимизга эришдик», - деди.

Яман армиясининг денгиз операциялари ҳам иқтисодиётнинг қулашига катта ҳисса қўшди. Эилат жанубий порти каби муҳим портлардаги даромадлар сезиларли даражада камайди ва банкротлик ёқасига келди.

2023 йилнинг охирги ойларида Исроил ЯИМи қарийб 20 фоизга пасайди.

Ҳизбуллоҳ билан тўқнашув хавфи Исроилда шундай бир қўрқувни келтириб чиқардики, Ливан қаршилик кучлари билан ҳар қандай тўлиқ миқёсли уруш иқтисодиётни янада чуқурроқ тубсизликка тушириши мумкин. Ҳизбуллоҳ яқинда тарқатилган видео огоҳлантиришларда нефтни қайта ишловчи заводлар ва газ баклари каби энергия инфратузилмасига ҳужум қилиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатди. 

Ҳолат шу зайлда давом этадиган бўлса, кейинги йилга қадар Исроил тахмин этиб бўлмас даражадаги жиддий инқирозга юз тутиши мумкин. Унинг сиёсатчилар мамлакатни улкан чоҳ томон бошлаб бормоқда. Лекин кўзни ҳақиқатдан пардалаган аламзадалик, кучли нафрат ва адоват урушни охиригача олиб боришга ундамоқда.

Мавзуга алоқадор