14.02.2025 06:38
231
Исроил: Туркия Суриядаги энг муҳим ўйинчига айланмоқда
Исроилнинг Моче Даян стратегик таҳлил маркази хулосасига кўра, Сурияда Башар Асад режими ағдарилгач, минтақа геосиёсий жиҳатдан катта ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Туркия Сурияда Усмонлилар даврига хос сиёсат юритмоқда ва мамлакатни қайта тиклаш ҳамда Сурия армиясини тайёрлашда етакчи ўринни эгаллаши мумкин. Шунингдек, Анқара Қатар табиий газини Туркия орқали Европага етказиш мақсадида Сурия ҳудудидан ўтувчи қувур қуришни режалаштирмоқда.
Туркиянинг Суриядаги асосий устуворликларидан бири Курдистон ишчилар партияси (PKK) ва унинг ҳарбий қаноти ЙПГни йўқ қилиш экани таъкидланмоқда. Агар Исроил ЙПГни расман қўллаб-қувватласа, Анқара ва Тел-Авив ўртасида кескинлик юзага келиши мумкин.
Ҳозирча бу тахминлар расмий Анқара ёки Тел-Авив томонидан тасдиқланмаган, бироқ минтақадаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, бундай сценарий амалга ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.