Исроил қисқа муддатли сулҳ тузишни рад этди
Исроил қамалдаги Ғазо секторида икки кунлик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги Миср таклифини қабул қилишдан бош тортди, Исроилнинг KAN давлат телевидениеси ва Channel 12 ушбу ташаббусни ҳукуматдаги кўплаб вазирлар қўллаб-қувватлаган бўлса-да, бош вазир Бенямин Нетаняху бунга қарши чиққанини маълум қилди.
Манбаларга кўра, Нетаняху Ғазога ҳужумлар давом этсагина,
маҳбусларни алмашиш бўйича музокаралар олиб борилишини айтган. Миср таклифи Исроил хавфсизлик
хизматлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Аввалроқ Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ғазо секторида
исроиллик асирларни баъзи фаластинлик маҳбусларга алмаштириш учун икки кунлик
ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган эди.
Қоҳирада ўтказилган матбуот анжуманида Жазоир президенти Абдулмаджид Таббун билан бирга сўзга
чиққан ал-Сиси доимий ўт очишни тўхтатиш учун музокаралар вақтинчалик сулҳдан
кейин 10 кун ичида қайта бошланиши кераклигини айтди.
Анклавнинг шимолий ҳудудларида қарийб уч ҳафтадан буён Исроил
армиясининг қаттиқ қамал ва оммавий ҳужумлари давом этмоқда.