27.01.2025 15:18
373

Исроил озод қилган фаластинликлар тантана билан кутиб олинди

Исроил ҲАМАС билан тузилган сулҳ доирасида 114 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Улар Рамаллоҳ шаҳрига учта автобусда етиб келди ва аҳоли уларни баланд ҳайқириқлар ҳамда қувончли тантаналар билан кутиб олди.

Исроил қамоқхона хизматининг маълум қилишича, умумий ҳисобда 200 нафар фаластинлик озод этилган. Улардан 114 нафари Ғарбий Соҳилга, 70 нафари Мисрга, 16 нафари эса Ғазо секторига йўналтирилган.

Озод қилинганлар орасида 16 ёшли ёшлардан тортиб, 69 ёшли Муҳаммад ат-Тоус каби 39 йил қамоқда бўлганлар ҳам бор. Маҳбусларнинг аксарияти умрбод қамоқ жазосини ўтаётган бўлган.

Ўз навбатида ҲАМАС гаровда сақланган исроиллик тўрт нафар аёлни Қизил Хоч жамияти орқали Исроилга топширган. Озод этилганлар орасида Наами Леви, Карина Ариев, Даниэл Гилбоа (20 ёш) ва Лири Албаг (19 ёш) бор. Уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлиб, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужуми вақтида қўлга олинган.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувга кўра, ҳар бир гаровга олинган фуқаро учун Исроил 30 нафар фаластинлик маҳбусни, ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафарни озод қилади. ҲАМАС томонидан гаровда сақланаётган 97 нафар исроилликдан 33 нафари 6 ҳафта давомида озод қилиниши керак.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.