26.11.2024 07:19
Исроил "Ҳизбуллоҳ" билан оташкесим тўғрисидаги битимни дастлабки тарзда маъқуллади — ОАВ
Исроил "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати билан Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни дастлабки тарзда маъқуллади, дея хабар бермоқда CNN.
Маълум қилинишича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху «умуман олганда» келишувни қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, Исроил ҳали келишув бўйича баъзи тафсилотлар юзасидан талабларини 25 ноябрь куни Ливан вакилларига етказилиши кутилмоқда.
Шартнома Исроил Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам тасдиқланиши керак.
Ynet нашри маълумотларига кўра, Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни муҳокама қилиши куни кеча Исроилга 255 дан ортиқ снаряд ташлаган «Ҳизбуллоҳ» томонидан ракета ҳужумларининг кучайишига тўғри келди. Нашр маълумотларига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус элчиси Амос Хохштейн Ливанга Исроилнинг ўт очишни тўхтатишга розилигини маълум қилган. Шу билан бирга, у ҳар икки томонга агар келишувга эришилмаса, АҚШ музокараларда воситачи сифатида иштирок этмаслигини айтди.
Axios маълумотларига кўра, келишув лойиҳаси 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади, бу даврда Исроил ҳарбийлари Ливан жанубини тарк этишлари керак, Ливан армияси чегарага яқин ҳудудларда жойлаштирилади ва «Ҳизбуллоҳ» ўзининг оғир қуролларини Литани дарёсининг шимолига ўтказади. Шунингдек, ташаббуснинг амалга оширилишини назорат қилиш учун АҚШ бошчилигида қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.