14.12.2023 11:53

Исроил Ғазо шимолида 70 дан ортиқ тиббиёт ходимини ҳибсга олди

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори шимолидаги Жабалия шаҳрида жойлашган Камал Адван шифохонасининг 70 дан ортиқ тиббиёт ходимини ҳибсга олди. Ушбу касалхона ҳудуддаги фаолият кўрсатаётган сўнгги тиббиёт муассасаси бўлиб қолмоқда.

"Кўплаб тиббиёт ходимлари ҳибсга олиниб, номаълум манзилга олиб кетилган, 70 дан ортиқ тиббиёт ходимлари", - деди клиниканинг педиатрия бўлими бошлиғи доктор Ҳоссам Абу-Сафия.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилишича, Исроил 70 дан ортиқ тиббиёт ходими, жумладан касалхона директори доктор Аҳмад Ал-Каҳлотни ҳибсга олган.

Шифокорнинг айтишича, поликлиникада сув ва электр йўқ. "Биз касалхонада қолган беморларни кузатиб бориш учун примитив чироқлар билан ишлаяпмиз", - деди шифокор.

У исроиллик ҳарбийлар 16 ёшдан 65 ёшгача бўлган барча эркакларни бинони тарк этишни буюргани, кейинроқ уларнинг ҳаммасини ҳибсга олгани ва номаълум томонга олиб кетганини қўшимча қилди. Аскарлар фақат 6 нафар шифокорга беморларни даволаш учун қолишга рухсат беришган. Шифокорнинг аниқлик киритишича, шифохонада юзлаб болалар, аёллар ва қариялар қолмоқда.

Касалхона ҳудуди 12 декабрь куни айниқса кучли бомбардимонга учради, шундан сўнг у ерга Исроил қўшинлари бостириб кирган. Абу Сафия вазиятни “жуда хавфли” деб баҳолади.

Шунингдек, 11 декабрь куни шифохонанинг туғруқ бўлимига Исроил танк снарядлари тушгани хабар қилинди. Зарба оқибатида икки аёл ҳалок бўлган, яна икки нафари шу қадар оғир яраланганки, уларнинг оёқларини кесиб ташлашга тўғри келган.

БМТ ва йирик халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб, Ғазо шифохоналарига қилинган ҳужумларни қабул қилиб бўлмас деб атади. Тиббиёт ходимларининг огоҳлантиришича, соҳа соғлиқни сақлаш тизими деярли ишлаётгани йўқ ва бошқа босимга дош бера олмайди.

ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебреесус "бир неча кунлик қамалдан сўнг Ғазо секторидаги Камал Адван касалхонасига рейд уюштирилгани ҳақидаги хабарлардан жуда хавотирда" эканини айтди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.