24.10.2024 07:54

Исроил ҳарбий харажатлари ойига 1,8 дан 4,7 млрд долларга ошди

2023 йил 7 октябргача Исроилнинг ҳарбий харажатлари ойига 1,8 млрд долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил охирига келиб, Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институтига кўра, тахминан 4,7 миллиард долларни ташкил этган.

Институт маълумотларига кўра, Исроил ўтган йили ўз ҳарбийларини молиялаштириш учун 27,5 млрд доллар сарфлаган.

Армия вакилининг таъкидлашича, ЦАХАЛ бир кунлик жанг учун яқин вақтгача 400 миллион шекел (105,4 млн доллардан зиёдроқ) сарфлаган, аммо уруш шимолдан Ливангача кенгайиши билан харажатлар ортиб, кунига ярим миллиард шекелдан (131 млн доллардан зиёдроқ) ошган. Ва бу харажатлар яқин келажакда улар янада кўпайиши мумкин.

Шу жумладан, сентябрь ойи бошидан, айниқса шимолий фронтда уруш кенгайганидан ва 1 октябрда Ливан жанубида қуруқликдаги операция бошланганидан кейин Исроил ҳарбий харажатлари тахминан 6,8 млрд долларга ошган.

Ynet нашрининг ёзишича, биргина “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Насруллоҳни ўлдиришга 6,8 млн доллар (тахминан 10 сония вақт ва 80 тонна бомба), унинг амакиваччаси Сафи ад-Дин ўлдирилгани айтилаётган ҳужумга эса 5,4 миллион доллар сарфланган.

Қайд этилишича, Исроил иқтисодиёти шимолий ва жанубий жабҳаларда урушнинг яна узоқ давом этишига дош бериши қийин бўлади. Манбаларнинг фикрича, ҳукумат келаси йил учун ҳарбий бюджетни ошириш чораларини кўриши керак.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.