Ирқчиликнинг олий намунаси: мусулмонлар одам эмасми?
Биз яшаб турган дунё бисёр йиллардан бери сиёсий инқирозни бошдан кечирмоқда. Халқаро аренада сиёсий идеологиялар ўзаро жиққа мушт экан, сиёсий фигуралар мана шундай қарама-қаршилик оловига ўт қаламоқда. Бугун тарихий бошқарув меросини сергак онг ила англаган давлат раҳбарларини ушбу сиёсий саҳнада учратиш амримаҳол.
Ўтмишдаги давлат арбоблари ўзларидан қолажак мерос қисқа умрларига қараганда анча узоқ давом этиши кераклигини яхши тушунишган. Бугунги кун раҳбарлари эса ўз зиммасига юклатилган масъулиятни тўлақонли ҳис қилмаяпти. Улар дунёда юз бераётган даҳшатли воқеликларга нафақат исломий, балки халқаро миқёсда тан олинган инсоний қадриятлардан келиб чиқиб муносабат билдириш ўрнига, ҳаракатсизлик ва лоқайдликни маъқул кўрмоқда.
Буларнинг бари Исроил ҳарбий самолётлари томонидан
бомбардимон қилинган ал-Маваси яқинидаги мактабдан болалар жасадини олиб
чиқаётган фаластинлик отанинг: "Нима дейишимиз мумкин? Биз имкон
даражасида ҳаммасини қилдик ва жаҳон ҳамжамиятига юзландик, лекин улар на
эшитишни, на бегуноҳ гўдакларни ўлдираётган сионистларнинг ваҳшийликларини кўришни
истамаяпти", деган сўзларида ўз ифодасини топган. Англашиладики, бугун ҳақ
сўзлар ўз аҳамияти-ю самарасини йўқотди, зотан, дунё етакчилари қулоқлари
бўлса-да эшитмайдиган, қалблари бўлса-да ҳис этмайдиган даражага тушиб
қолишган.
Хўш, бот-бот учинчи дунё мамлакатларини инсон ҳуқуқларини
топташда айблаётган Ғарб сиёсатчиларининг инсониятга қарши бундай оғир жиноятга
муносабати қандай? Минг афсуски, улар шармисор позицияда турибди: АҚШ
бошчилигидаги Ғарб сиёсатчилари босқинчи Исроилни “ўзини ҳимоя қилиши учун”
(Аслида янада кўпроқ болаларни ўлдириши учун) исталганча қурол ва пул билан
таъминлашга тайёр.
Афсуски, саноати ривожланган мамлакатларнинг сиёсатчилари
“Худо ўз суратида яратган” мурғак болаларнинг ўлдирилишини қоралай олмади.
Қолаверса, қотил сионистлар юзлаб шаҳарлар ва қишлоқларни вайрон қилиб,
одамларини қириб, тарих ҳали гувоҳ бўлмаган разиллиларни амалга ошираётган бир
вақтда бундай юзсиз ва шарафсиз раҳбарлар асл жиноятчини ҳимоя қилиш учун бир
ёқадан бош чиқаришмоқда. Бинобарин, улар Исроилнинг шафқатсизликларини осонлик
билан давом эттириши учун миллиардлаб доллар ажратмоқда, халқаро миқёсда
тақиқланган бомбалар билан таъминламоқда. Уларнинг оммавий ахборот воситалари
босқинчи ва қонхўр режимни мазлумлардан ҳимоя қилиш ҳақида бонг уряпти. Кучли
душманга ҳимоясиз қолган ва зулмга учраётганларни янада кўпроқ ўлдириши учун
пул ажратаётганидан фахрланмоқда.
Ҳақиқатни айтаётганлар ҳибсга олинмоқда ёки мансабидан
қувиляпти. Буларнинг замирида Ғарб адабиёти, маданияти ва амалиётида чуқур
илдиз отган ирқчилик ётади. Улар ҳали ҳам мустамлакачилик меросидан воз кеча
олгани йўқ. Бундай мерос улар учун мусулмонлар ҳаётининг чақалик қийматга эга
эмаслиги билан боғлиқ.
Шу важдан улар ғарблик бўлмаган жабрдийдаларга ҳамдардлик
билдирган ҳар қандай миллатдошини қоралайдилар, гўёки бу жабрдийдалар уларга
хос ҳар қандай ҳурмат ва қадр-қимматга лойиқ эмасдек. Бугун АҚШ ва Европада
ирқчилик аллақачон ижтимоий фожиа ўлароқ бош кўтариб бўлди: у авж олиб борар
экан, заҳарли нишлари фақатгина мигрантлар ва қора танлилар билан чекланиб
қолмаяпти.
Улар сиёсий, ахлоқий ва халқаро мажбуриятларидан қочишда
давом этиб, ўзга мамлакатларни шафқатсизларча (хоҳ ақлий, хоҳ жисмоний
воситалар ила) босиб олиш орқали можаролар оловини ёқишади ва кейин ўз
фуқароларидан бу минтақаларни тезда тарк этишини сўрайди. Улар жиноятчиларга
ҳарбий кемалар, бомбалар ва маблағлар жўнатишади. Ўз ҳамкорларига хавфсизлик
кафолатини беришади ва адолатсизлиги кундек равшан ҳаракатлар учун ҳеч қандай
жавобгарликка тортилмаслигини айтадилар.
Айни нуқтаи назардан, ҳаққониятни етказишга баимкон
интилаётган оммавий ахборот воситаларининг овозлари ўчирилмоқда, ҳатто йўқ
қилинмоқда. Токи уларнинг хабарлари олов қаъридан чиқмасин; ўз инсонийлигини
маҳкам ушлаган, барча таҳдидлар, шантаж ва нишонга олинишларга қарамай, уни
ифода этишдан воз кечмаётганларнинг виждонига ҳеч қандай таъсир кўрсатмасин.
Ўз тамойилларига содиқ қолиб, ўзлари ва фарзандларини қурбон
қилиб, бу муқаддас заминнинг табаррук тупроғи, хавфсизлиги ва ҳимояси йўлида
барча тўсиқларга қарамай, аёвсиз жанг қилаётганлар эса бутунлай ўзгача қадрият
ва ахлоқ қоидалари билан яшайди. Улар келажак авлод мероси ва ёшликдан буён
асраб келаётганлари – иймон-эътиқодининг яшаши учун жонларини Жабборга
берадилар. Чунки мусулмонлар бу машаққатга тўла ҳаёти, қонлари ва жонлари
эвазига абадий ҳаётда мукофотланишларига ишонадилар.
Шубҳасиз, Ғарб ҳозирда дуч келаётган сиёсий инқироз бугун
биз бошдан кечираётган барча – иқтисодий, ахлоқий ёки ижтимоий муаммоларнинг
сабабчисидир. АҚШ бошчилигидаги Ғарб ўз қудрати ва ҳукмронлиги ҳимояси учун
қурол, пул ва терроризмдан фойдаланади. Адолат истаб қўлига қурол олган
мусулмонларни террорчи атаб, асл террорчиларни қўллаб-қувватлайди.
Башарти биз замонавий дунёмизда содир бўлаётган барча
можароларни – Ғазо ва Фаластиндан тортиб, Венесуэла, Колумбия, Африка
мамлакатлари ҳамда Украинагача кўриб чиқсак, бу можаролар ва урушларнинг
негизида АҚШ, Британия, Франция ва бошқа мустамлакачиларнинг етакчилик
мавқейини сақлаб қолиш йўлидаги натижасиз уринишлари эканини кўрамиз. Энди
улар, шунчаки, ўзларининг ҳарбий устунлиги, ҳалокатли қуролларга эгалиги ва
бойлигига таяниб, ўз гегемонлигини исботлашга шай. Бироқ тарих империялар фақат
бойлик ва ҳарбий куч-қудратнинг ўзи билан яшай олмаслигини ҳисобсиз равишда
исботлаган. Империянинг ахлоқий, сиёсий ва ижтимоий таназзули унинг муқаррар
заволидан дарак беради.
Муҳаммад Довуд Асадуллоҳ