22.05.2024 10:43

Ирландия ҳам Фаластин мустақиллигини тан олди

Норвегия ортидан дарҳол Ирландия ҳам Фаластин давлатини расман тан олганини эълон қилди. Улар ортидан Испания бормоқда – бу ҳақдаги қарори 28 майдан кучга киради.

"Бугун Ирландия, Норвегия ва Испания Фаластин давлатини тан олганини эълон қилади ва ҳар биримиз ушбу қарорни амалга ошириш учун барча зарур миллий чораларни кўрамиз", - деди Ирландия бош вазири Саймон Харрис.

Унинг қўшимча қилишича, яқин ҳафталарда бу муҳим қадамни қўйишда бошқа давлатлар ҳам уларга қўшилади.

Жумладан, Словения ўз қарорини 13 июнь куни эълон қилиши кутилмоқда. Бельгия ва Франция ҳам бу қадамни ташламоқчи.

Аввалроқ Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре Норвегия Фаластин давлатлигини тан олганини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳозиргача Европа Иттифоқининг тўққизта давлати Фаластинни тан олган. Болгария, Венгрия, Кипр, Малта, Полша, Руминия, Словакия ва Чехия 1998 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлишдан олдин тегишли қарорни қабул қилган, 16 йилдан кейин эса Швеция уларга қўшилган. Бундан ташқари, Фаластинни бошқа қатор давлатлар, жумладан Бельгия ва Словения ҳам тан олиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Фаластин мустақиллигини БМТга аъзо 144 давлат (Норвегия билан бирга), жумладан, Ўзбекистон (1994 йилда) тан олган. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.