Глобал инқироз: дунёда тоза сув захиралари тугаб боряптими?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Сув ва Атроф-муҳит дастурлари ўтган ойда ҳисобот эълон қилди. Унда 2030 йилгача барча учун тоза сув ва санитария таъминотини йўлга қўйишга чақирувчи БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)да келтирилган 6-бандни бажариш имконсиз экани тан олинди.
Огоҳлантирилишича, 2030 йилга келиб дунёда
3,3 миллиарддан ортиқ аҳоли тоза сув ва санитария таъминотидан маҳрум бўлиши
мумкин. Дунё мамлакатларининг ярмида дарёлар, кўллар ва сувли қатламлар каби
чучук сув экотизимлари бузилмоқда, дарёлар ва кўллар
қурияпти, сувли қатламлар ҳаддан ташқари эксплуатация қилинмоқда. Бу эса ҳар йили ер
ости сувлари сатҳининг кескин пасайишига олиб келмоқда.
Бунинг устига,
барча турдаги сув ҳавзалари тезда ифлосланмоқда. Кўпинча сув инсон ёки ҳайвон истеъмоли учун
яроқсиз бўлиб қоляпти. Оқибатда тирик мавжудотлар, шу жумладан ўсимликлар саломатлигига жиддий зиён етмоқда.
Ҳисоботда вазият
нафақат инсон саломатлиги учун, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва
биохилмахилликка жиддий таҳдид солиши ва иқлим ўзгаришини янада кучайтириши
ҳақида огоҳлантирилади.
Афсуски, бу
огоҳлантириш олимлар ва экологлар томонидан бир неча йиллардан бери айтиб
келинаётган башоратларнинг акс-садоси холос.
Тўғри, жаҳон етакчиларининг сувни нафақат биз
инсонлар учун, балки сайёра ва Ердаги бошқа тирик мавжудотлар учун ҳам
асраб-авайлаш зарурлиги ҳақидаги одатий ва юзаки баёнотлари етарлича янграмоқда. Бироқ узундан узоқ нутқлар қарсакбозликдан бошқа
натижа бермаяпти.
БМТнинг энг юқори
даражаларида резолюциялар, шу жумладан бир овоздан қабул қилинган қарорлар
мавжуд, аммо амалий ҳаракатлар ва юқори натижа етишмаяпти. Айрим мамлакатларда амалга оширилган чора-тадбирлар бутун дунё муаммосини ҳал қилиши даргумон.
Сўнгги ҳисоботда вазиятнинг қай даражада оғирлиги турлича кўрсатилган. Унда айтилишича, деярли барча ривожланаётган
ва қашшоқ мамлакатлар, асосан Африка, Марказий Осиё, Жанубий Осиё ҳамда Жануби-Шарқий Осиёдаги 90 га яқин мамлакатда
чучук сув экотизимларининг кенг кўламли бузилиши кузатилган. Дунё бўйлаб 402 та
дарё ҳавзасида сув
миқдори камайган. Бу эса деградация жараёни қанчалик тез кечаётганини кўрсатади.
Сувни исроф қилиш, ифлослантириш, тўғонлар барпо этиш, ердан нотўғри фойдаланиш ва
иқлим ўзгариши каби
ҳолатлар дунё экотизимини
сақлаб қолишда қийинчиликларни
юзага келтирмоқда. БМТ
ҳисоботида айтилишича, қирғоқ яқинида аквакультура ва деҳқончилик каби инсоний аралашувлар ҳам вазиятни чигаллаштирмоқда. Таҳдидлар асосан дунё аҳолисининг ярмидан
кўпроғини қамраб
олади. Асосий хавф иқтисодий тараққиёт пирамидасининг энг қуйи
поғонасида турган Африка ва Осиёга тўғри келгани сабабли, инқирозга қарши курашиш учун ҳар қандай самарали ҳаракат
фақат ташқи дунё, яъни бой мамлакатларнинг молиявий ва техник ёрдами билан
амалга оширилиши мумкин.
Ҳисоботда таъкидланишича, Европа ва Шимолий
Америкада вазият бироз яхшиланган. Бу шуни
англатадики, технология ва энг муҳими, пул билан инқирозни секинлаштириш, бутунлай тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда қисман орқага
қайтариш мумкин.
Аммо бунинг учун
бой давлатлар ўз кўмагини
аямаслиги, ҳам молиявий, ҳам илмий ресурсларини дунёнинг кам таъминланган ҳудудлари билан баҳам кўриши лозим.
Бироқ, бу
ривожланаётган мамлакатлар мустақил равишда ҳеч нарса қила олмайди дегани эмас.
Уларда ҳеч бўлмаганда сув ресурсларининг деградациясини секинлаштириш учун
кўпгина имкониятлар мавжуд. Биринчидан, бошқарувни тубдан такомиллаштириш,
нафақат сув ресурсларини тўғри тақсимлаш ва
бошқариш, балки унинг ифлосланишини назорат қилиш
учун саноат чекловларини ўрнатиши керак.
Шунингдек, ҳукуматлар, айниқса, жамиятнинг энг бой қатламлари
томонидан сувни беҳуда исроф қилинишига йўл қўймаслиги шарт. Бу нафақат сув таъминотини яхшилайди, балки
сўнгги йигирма йил ичида, айниқса, Ҳиндистон каби мамлакатларда кескин ошиб
бораётган истеъмолдаги тенгсизликни камайтиради.
Масъуллар, инчунин, фермерларга деҳқончиликда сувни тежашга ўргатишлари ва катта
ҳажмдаги сув талаб қилмайдиган экинлар ёки деҳқончилик усулларига ўтишни ўргатиши мумкин. Бу Осиё ва Африканинг асосий қишлоқ хўжалигига асосланган мамлакатларида аллақачон йўлга қўйилган. Ушбу чоралар ривожланаётган мамлакатлар раҳбарларининг имконияти доирасида бўлиб, аслида
уларнинг вазифаси ҳам
саналади.
Уларнинг
сув инқирозига қарши ечим топишга интилмаслиги нафақат ўз халқи, балки Ер сайёраси ва бутун инсониятга
қарши жиноят, десак
хато бўлмайди.
Ранвир С. Наяр, Media India Group платформасининг бош муҳаррири ва Ҳиндистон мукаммаллик жамғармаси асосчиси