Индонезия хорижлик сайёҳлар учун чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда
Индонезия Бали оролини хорижликлар келтириб чиқарган муаммолардан халос қилиш мақсадида ушбу ҳудудда туризм ислоҳотини амалга оширади. Бу ҳақда денгиз ишлари ва инвестициялар бўйича координатори Лухут Панджайтан маълум қилди.
Унинг
сўзларига кўра, ҳозирда Балида 200 минг нафар хорижлик доимий истиқомат қилади,
бу эса жиноятчиликнинг авж олиши ва меҳнат бозорида рақобатнинг кучайишига олиб
келади, деб ёзади Reuters.
“Чет
эллик сайёҳлар гиёҳванд моддалар, жиноий гуруҳлар ва бошқалар каби муаммоларни
олиб келишади. Биз уларни Индонезиядан, Балидан депортация қилишимиз
мумкин ва энди оролга келишига рухсат бермаймиз”, деди у.
Пандемия тугаганидан сўнг Балига келган сайёҳлар сони ортди. Ижтимоий тармоқларда
уларнинг ўзларини
ноўрин тутгани акс этган видеолар тарқалиб, маҳаллий аҳолининг ғазабини
келтирди.
Жорий йилнинг ўзида Балига 2,9 миллиондан ортиқ хорижлик
ташриф буюрди, бу Индонезияга келган барча халқаро ташрифларнинг 65 фоизини
ташкил қилади.
“Биз шоли далаларининг виллалар ёки нудистлар клубига
айланишини истамаймиз. Биз учун миқдордан кўра сифат муҳимроқ”, деди
Панджайтан. У ҳукумат тез орада Бали учун туризмни ислоҳ қилиш режасини эълон
қилишини билдирди.