Ҳиндистонда парламент сайловларида мусулмон депутатлар камроқ ўринга эга бўлди
Ҳиндистон парламенти қуйи палатасига яқинда ўтказилган сайлов натижаларига кўра, сайланган мусулмон депутатлар сони 26 нафардан 24 нафарга камайди, дея хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги.
19 апрелда бошланган етти босқичли сайловлар 1 июнь куни якунига етди. Сайлов комиссияси эълон қилган якуний натижаларга кўра, ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) 543 аъзолик палатада 240 ўринни, асосий мухолифатдаги Ҳиндистон миллий конгресси эса 99 ўринни қўлга киритди.
Бироқ Бҳаратия Жаната партияси кўпчилик 272 ўринни қўлга кирита олмади ва энди иттифоқчи партиялар билан коалиция орқали ҳокимиятга қайтишга интилмоқда.
Жорий сайловларда сиёсий партиялар мамлакат бўйлаб 78 нафар мусулмон номзодини илгари сурди, 2019 йилдаги аввалги сайловларда бу кўрсаткич 115 нафарни ташкил этган эди.
Мустақил Ҳиндистонда 1952 йилда бўлиб ўтган биринчи сайловларда атиги 11 нафар мусулмон сайланган. 1980 йилда 49 мусулмон сайланганда чўққисига эришилди, бироқ ўшандан бери мамлакатда ҳинду миллатчилиги кучайгани сабабли уларнинг сони доимий равишда камайиб бормоқда. Энди қуйи парламент атиги 24 нафар мусулмон миллатига мансуб депутатдан иборат бўлади.
Мусулмонлар Ҳиндистондаги энг катта озчилик бўлиб, 183 миллион кишини ташкил этади, бу 1,4 миллиард аҳолининг 14 фоизини ташкил қилади. Бироқ уларнинг парламентдаги улуши 5 фоиздан пастлигича қолмоқда.