Ҳиндистоннинг марказий Уттар-Прадеш штати Хатрас шаҳридаги хусусий мактаблардан бирида иккинчи синфда ўқиётган етти ёшли бола қурбонлик қилиш маросимида ўлдирилган. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар қилди.

Қайд этилишича, қурбонлик маросими мактаби эгалари томонидан муассаса даромадлари ортиши учун ўтказилган.

Ушбу иш юзасидан хусусий мактаб эгаси Жасодхан Сингх, унинг мактаб директори бўлган ўғли Динеш Багҳел ва уч нафар ўқитувчи ҳибсга олинган, деб ёзади Hindustan Times газетаси.

Бола мактаб ётоқхонадаги ўз тўшагида ўлик ҳолда топилган. Полиция ходими Ҳиманшу Матҳурнинг маълум қилишича, бола Багҳелнинг отаси томонидан қора жоду маросими ўтказилгунга қадар ўлдирилган.

"Бола мактабнинг муваффақияти ва шон-шуҳратини таъминлашга қаратилган маросимнинг бир қисми сифатида қурбон қилинган", деди катта полиция ходими Нипун Агарвал Times of India нашрига.

Агарвал, шунингдек, директор ва унинг отаси аввал ҳам худди шу сабабга кўра бошқа ўғил болани қурбон қилишга урингани, аммо режа барбод бўлганини таъкидлади.

Ҳиндистон Миллий Жиноятларни қайд этиш бюроси мамлакатда 2014-2021 йиллар давомида 103 одам қурбон қилинганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида худди шу шаҳарда диний йиғин вақтида юз берган тиқилинчда камида 121 киши ҳалок бўлган, 31 киши жароҳатланганди.

Шунингдек, мамлакатнинг энг кўп аҳолиси истиқомат қилувчи ушбу Уттар-Прадеш штати суди минтақадаги исломий мактаб ва мадрасалар фаолиятини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Аллоҳобод Олий судининг қарори 25 минг мадрасадаги 2,7 миллион талаба ва ўн минглаб ўқитувчиларга таъсир қилди. 

Мавзуга алоқадор