Японияда 2023 йилда 21818 та ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, шундан 1010 таси талабалар орасида. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилда ўз жонига қасд қилишлар сони ўтган йилга нисбатан 63 тага камайган. Шу билан бирга, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари эркаклар ўртасида 14 854 та, аёллар ўртасида 6 964 та ҳолат қайд этилган. Ўқувчилар ўртасида ўз жонига қасд қилиш оқибатида вафот этганлар сони 1010 нафарни ташкил этади, шундан 507 нафари бошланғич, ўрта ва лицей ўқувчилари.

Сабабларига келсак, 12336 та ҳолатда соғлиқ муаммолари роль ўйнаган, бу 2022 йилга нисбатан 438 та ҳолатга камдир. Ундан кейин иқтисодий ва маиший қийинчиликлар – 5157 та ҳолат кузатилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 460 тага кўпдир.

Вазирлик ўз жонига қасд қилиш ниятида бўлган шахсларнинг ёши ва жинсига мос чоралар кўришини ҳамда уларни маслаҳат сўрашга ундаш учун ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситалардан фойдаланишини айтди.

Мавзуга алоқадор