20.07.2024 16:35

Яман: Саудиянинг Исроилни қўллаб-қувватлаши жавобсиз қолмайди

Яманнинг “Ансаруллоҳ” ҳаракати раҳбари Абдуллоҳ ал-Ҳусий 7 июль куни Саудия ҳукмдорларига йўналтирилган стратегик хабарда ўзаро яқинлашган эҳтимолий тўқнашувлар ҳақида огоҳлантирди:

«Биз, албатта, банкларга банклар билан, Риёз аэропортига Санаа аэропорти билан ва денгиз портларига денгиз портлари жавоб қайтарамиз.»

Ушбу огоҳлантириш Санадан Саудия Арабистонига қаратилган сўнгги таҳдидлар тўлқинидан кейин берилди. Энг муҳим таҳдидлардан бири шу ойнинг бошида содир бўлган эди, унда Яман Риёзда ҳибсга олинган Яман зиёратчиларини Яман Ҳаво Йўллари самолёти орқали Санага қайтаришни тезлаштириш талабини қўйган эди. Саудияликлар бу таҳдиднинг жиддийлигини билиб, уч кунлик муддат ичида бу талабни бажаришди.

Ансаруллоҳ” таҳдиди бевосита Риёз қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати томонидан АҚШ таъсири остида Санани Ғазога ёрдам бериш учун денгиз қамалини давом эттиришдан қайтаришга қаратилган ҳаракатларига боғлиқ. Буни Ҳусий очиқчасига айтиб ўтди ва Саудияликларни минтақадаги Қаршилик Ўқиъни заифлаштириш учун АҚШ билан биргаликда ҳаракат қилишдан огоҳлантирди.

Иқтисодий тажовуз можарони янгилайди

Апрель ойининг бошида Риёз қўллаб-қувватлови остидаги ҳукумат билан ҳамкорлик қилувчи Аден шаҳридаги Марказий Банк (CBY) Санадаги банкларга 60 кун ичида бош офисларини жанубдаги порт шаҳарга кўчириши кераклигини, акс ҳолда терроризмга қарши, коррупцияга қарши ва пул ювишга қарши қонунлар бўйича санкцияларга дуч келишини айтди.

Сананинг амалдаги ҳукумати буни Ғазони қўллаб-қувватлашни тўхтатиш учун босим ўтказиш уринишлари деб ҳисоблади. Бу АҚШнинг тўғридан-тўғри огоҳлантиришидан ва Саудия Арабистонининг янги тажовузлари таҳдидидан кейин содир бўлган эди. Сана орқага чекиниш ўрнига, Қизил денгиздаги операцияларини Ўрта ер денгизига қадар кенгайтирди. У бу вақтгача аллақачон Ҳиндистон океани ва Адан кўрфази сув йўлларига эришган эди.

Икки ҳафта илгари Саудия Арабистони Сана аэропортидан парвозларга чекловлар қўйиш ва Жидда шаҳрида Яман ҳаж зиёратчиларини ушлаб туриш ҳаракатларига қўл урганди. Бу “Ансаруллоҳ” раҳбарияти томонидан унга қарата яна бир таҳдидга йўлланишига сабаб бўлди.

Ҳусий Саудия Арабистонини бу ҳаракатлари ва Исроилни Яманга қарши қўллаб-қувватлаётгани сабаб жиддий оқибатларга дуч келиши ҳақида очиқчасига огоҳлантирди.

Яманнинг ҳарбий тайёргарлиги

Яманнинг “Ансараллоҳ” билан иттифоқдош қуролли кучлари Саудия аэропортилари, банклари ва портларига қарши қасос олишга – бунга сабаб Яман халқига қарши қамал ва Риёзнинг Исроилни қўллаб-қувватлашидир – тайёрлигини эълон қилиши билан бир вақтда Яман армияси жума куни огоҳлантириш баёноти эълон қилди.

Яман Қуролли Кучлари томонидан эълон қилинган тайёргарлик унинг Саудия Арабистонидаги нишонларга қарши ҳарбий ҳаракатларга шайлигини кўрсатади. Ҳаммаси раҳбарият қарорларига боғлиқ. Сана айни дамда мудофаа жиҳатдан кўп томонлама урушга тайёрланмоқда.

Аммо Яманнинг мақсадлари шунчаки фақат ҳарбий муносабатдан кўра кенгроқ. “Ансаруллоҳ” сиёсий бюросининг лавозими юқори аъзоси Муҳаммад Наср ал-Буҳайтий Х ижтимоий тармоғида «Биз Саудия режимини ағдаришимиз керак, зотан у энг золим ва жиноятчи режимлар билан иттифоқ тузган, биз эса мазлумлар ва камситилганларнинг тарафидамиз» деб ёзди.

Ҳусийнинг таҳдидлари шунчаки огоҳлантиришлар эмас. “Ансаруллоҳ” сиёсий бюроси ва Шуро Кенгашининг аъзоси Ҳизом ал-Ассад «Саудия режимига иқтисодий ва тараққиёт билан боғлиқ муҳим ҳарбий ресурсларини нишонга олиб, зарба бериш учун умумий сафарбарлик кўрилаётгани»ни тасдиқлаган.

Ассад жангларнинг қайта бошланишига «Саудия режимининг Яман халқига қарши давом этаётган тажовузи, шунингдек, унинг Яманга қарши америкаликлар ва исроилликлар билан тил бириктиргани»ни сабаб қилиб кўрсатди.

Ҳозирча Саудия Арабистонининг аниқ позицияси оммага эълон қилингани йўқ. Риёз, эҳтимол, Оман каби воситачилар орқали алоқа ўрнатишга ёки тўқнашувдан қочиш учун Сана билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишга ҳаракат қилиши мумкин. Чунки сўнгги ҳаракатлар Саудия Арабистони учун жиддий иқтисодий зарарлар келтириши муқаррар.

Бу Саудияликлар иқтисодиётига етказилган биринчи зарба эмас – Яман Саудия қироллигининг энергия иншоотлари ва муҳим инфратузилмаларига мунтазам равишда қасоскор ҳужумлар уюштирган, 2019 йилда Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқаришининг ярмидан кўпини тўхтатиб қўйганди. Агар можаро яна қайталаса ва вазият ёмонлашса, Саудия иқтисодиётига, шу жумладан НEОМ каби йирик лойиҳаларига жиддий шикаст етиши мумкин.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.