20.07.2024 12:04

Таваккул ва ирода намойиши: “қашшоқ ва қолоқ” ҳусийлар “қудратли ва енгилмас” Исроилга тўғридан-тўғри зарба берди

Куни кеча Ямандаги  ҳусийлар Исроилнинг Ғазодаги ҳунрезликларига жавобан тарихда илк бор 2 минг чақиримдан туриб Тел-Авивга учувчисиз учоқ билан муваффақиятли зарба бера олди.

Узоқ-яқиндаги мусулмонлар АҚШ ва Ғарбдан қўрқиб, Исроилга бир шапалоқ ҳам туширишга мажоли етмаётган бир пайтда, камбағал ва қолоқ Яман қарийб 2 минг чақиримдан туриб Исроилга оғриқли зарба бера олди. Бу зарба ҳали бошланиши, бу ҳужум Исроилнинг “қуш ҳам учиб ўта олмаслиги” айтилган “Темир гумбази” заифлигидан, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мусулмонларнинг лабларига учиқ тоштирадиган даражада қудратли эмаслигидан дарак беради. 

Худди бир замонлар мўғуллар қаршисида тиззалари қалтираб, уларни яъжуж-маъжуж деб атаган ва тутдай тўкилган мусулмонлар сингари, бугун сонлари 2 миллиарддан ошган мусулмонлар Исроил, унинг ортида турган Америка, Британия, Германия каби ғарб мамлакатларидан ҳайиқиб, мазлум мусулмонларга ёрдам қўлини чўза олгани йўқ. Бироқ мўғулларнинг яъжуж-маъжуж эмаслиги, улар ҳам оддий одамлар экани, ўлиши, енгилиши мумкинлигини айнан Фаластин тупроқларида мамлуклар етакчиси Сайфуддин Қутуз томонидан исботланган эди.

Бироқ эътибор беринг, Айни Жолутдаги бу жанг милодий 1260 йилда бўлиб ўтди. Мўғуллар эса мусулмонлар устига 1220-йилларда мўр-малаҳдек ёпирилишни бошлаган. Орадан 40 йилга яқин муддат ўтибгина мусулмонлар қаддини тиклаб, воқеликни англаб етди. Хўш, Исроилнинг Фаластинга ҳужуми қачон бошланди? Қарийб юз йиллик бу мустамлака, босқин ва зўравонликлар ортиқ тўхташ нуқтасига яқинлашди.

Нафақат Исроил, балки дунёнинг “энг қудратли армияси”га эга деб ҳисобланадиган Америка ва Россия (собиқ СССР) ҳам комил эътиқод, мустаҳкам ирода, ватан муҳаббати қаршисида ожиз экани Вьетнам, Афғонистон заминида неча бор исботини топди, тез орада Исроил ҳам Фаластин тупроқларида тарихга айланади.

Бугун Исроилнинг Фаластин заминидаги қилмишлари сўнгги нафасларини олаётган маҳлуқнинг жон талвасасида ўзини у ёқ-бу ёққа ураётганига ўхшайди. Кўпроқ зарар етказиш, кўпроқ инсонни ўлдириш, кўпроқ ерни тортиб олиш... Бироқ бу очкўз ва саркаш маҳлуқнинг кунлари оз қолди, еганларини қайт қилиш, олганларини қайтариш, таслим бўлиш онлари яқин!

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.