12.12.2023 19:55

Haaretz газетаси: Армия эълон қилган яраланган аскарлар сони ва касалхона маълумотлари ўртасида тафовут бор

Исроилнинг Haaretz газетаси яраланган аскарлар сони бўйича Исроил армияси ошкор қилган рақамлар билан шифохоналардан олинган маълумотлар ўртасида фарқ борлиги ҳақида хабар берди, дея ёзмоқда Anadolu.

Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари чоғидаги ҳарбий йўқотишларни яширганини иддао қилган нашр яраланган исроиллик аскарларнинг ҳақиқий сони Исроил армияси ошкор этган рақамлардан қарийб уч баробар кўпроқ эканини ёзди.

Хабарда 7 октябрдан буён биргина Барзилай касалхонасида 1949 нафар яраланган аскарнинг даволангани билдирилди.

Яна 178 нафар аскар Ашдоддаги Ассута, 148 нафари Тел-Авивдаги Ичилов, 181 нафари Ҳайфадаги Рамбам, 209 нафари Қуддусдаги Ҳадасса, 139 нафари Шаааре Тзедек касалхоналарида даволангани қайд этилди.

Бундан ташқари, Haaretz, тўқнашувларда яраланган камида 1000 аскарнинг Беэревадаги “Сорока тиббиёт марказида даволанаётгани ва камида 650 аскар Тел Ҳашомердаги касалхоналарга олиб кетилгани ҳақида маълумот олганини ёзди.

Таъкидлаш жоизки, Исроил армияси 26 октябрь куни матбуотга йўллаган мактуби билан Ғазо ҳақидаги хабарларни цензура қилишни бошлаган. Исроил армиясининг Ғазо ва Ливан чегарасида ўлган аскарлари билан боғлиқ рақамлар ҳам шубҳа билан кутиб олинди. Фаластин қаршилик гуруҳлари ҳам, Ливан Ҳизбуллоҳи ҳам Исроилнинг йўқотишлари эълон қилинганидан анча юқори эканлигини эълон қилди. Бу даврда армия ҳужумлар бошидан бери жароҳатланган аскарлар сони ҳақида матбуот томонидан сўралган маълумотни ошкор қилишдан бош тортди.

Жумладан, Исроилнинг 12-канал телевидениеси мухбири Ғазо секторининг шимолидаги Асқалан шаҳридаги Барзилай касалхонасидан жонли эфирда эфирга узатар экан, цензура туфайли бу ерга олиб келинган аскарларнинг аҳволи ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди.

Исроил армияси 10 декабрь куни мамлакат оммавий ахборот воситаларида жароҳатланган аскарлар сони ҳақидаги хабардан сўнг баёнот беришга мажбур бўлиб, 7 октябрдан бери 425 аскар, улардан 97 нафари Ғазода қуруқликдаги ҳужумларда ҳалок бўлгани ва 1593 аскар яраланганини эълон қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.