Грузия бир жинсли никоҳни тақиқламоқчи
Грузия парламенти “Оилавий қадриятлар ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари пакетини кўриб чиқмоқда. Тўплам асосий қонун лойиҳаси ва амалдаги қонунларга, жумладан, меҳнат ва таълим тўғрисидаги қонунларга киритилган 18 та ўзгартишдан иборат.
Бу ҳақда қонун чиқарувчи орган спикери Шалва Папуашвилига таяниб, “Gruziya Online” портали хабар берди. Порталнинг ёзишича, ташаббус қуйидаги тақиқларни назарда тутади:
- Бир жинсли никоҳларни рўйхатдан ўтказиш.
- Ўз жинсини ўзгартирган ёки ноанъанавий йўналишга эга шахслар томонидан фарзанд асраб олиш.
- Ҳужжатларда биологик жинсдан бошқа жинсни кўрсатиш. Жинсни ўзгартириш бўйича тиббий муолажалар.
- Таълим муассасаларида, реклама ва оммавий ахборот воситаларида "ЛГБТ ташвиқоти".
- Бошқа жинсга эга бўлган шахсни аниқлаш, бир жинсли алоқалар ёки қариндошлар ўртасидаги никоҳни тарғиб қилишга қаратилган оммавий йиғилишлар ва намойишлар.
- Давлат ёки хусусий муассасаларнинг "одамнинг биологик жинсини тенглаштиришга қаратилган" қоидалари, шу жумладан «ота» ва «она» атамаларини қўллашни тақиқлаш.
Қонун лойиҳалари тўплами парламентнинг баҳорги сессиясида биринчи ўқишда кўриб чиқилади ва кузда қабул қилинади. Папуашвили барчани ушбу ташаббус муҳокамасида иштирок этишга чақирди.