18.04.2024 09:28

Google ишчилари Исроил билан ҳамкорликка қарши намойишга чиқди

Google ходимлари Нью-Йорк ва Калифорниянинг Саннивейл шаҳарларида ахборот технологиялари гиганти Исроил билан фаол ҳамкорлик қилаётганига қарши норозиликларини билдириш учун намойиш уюштирди, деб хабар бермоқда Anadolu.

Google ва Amazon компанияларини Тел-Авив билан тузилган барча шартномаларни бузишга чақирган намойишчилар қўлларига "Техник апартеидга ўрин йўқ" каби шиорларни кўтариб олишди.

Компаниянинг ўз офислари жойлашган Саннивейл шаҳрида ходимлар Google Исроил билан булутли ҳисоблаш технологиясини жорий этиш бўйича 1,2 миллиард долларлик “Нимбус” шартномасини тугатмагунча ишга чиқмасликка қарор қилишди.

Ўн соатлик намойишларда қатнашган 9 нафар фаол полиция томонидан ҳибсга олинди. Кейинроқ Google компаниянинг Нью-Йорк ва Саннивейлдаги офисларида намойишларда қатнашган 28 нафар ходимини ишдан бўшатганини маълум қилди.

"Бошқа ходимларнинг ишига жисмонан аралашиш ва уларга объектларимизга киришни тақиқлаш бизнинг сиёсатимизни очиқдан-очиқ бузиш ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлардир", - деди Google вакили.

Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Исроилнинг Ғазо секторидаги бомбардимонлари ва қуруқликдаги амалиётлари камида 34 минг тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.