12.02.2024 13:30

Германияда мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилувчи янги партия ташкил этилди

Германияда мақсади озчилик мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган Хилма хиллик ва уйғониш учун демократик альянс” (DAVA) номли янги сиёсий партия пайдо бўлди.

TRT`нинг немис нашрларига таяниб ёзишича, Европарламентга сайловларда қатнашишни режалаштираётган партиянинг потенциал сайловчилари сони 5 миллион киши бўлиши мумкин.

Bild газетаси Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Германияда яшовчи турклар орасида катта машҳурлиги туфайли бу партиянинг Туркия билан қандайдир алоқалари бўлиши мумкинлиги ҳақида мақола чоп этди.

Уюшманинг ўзи эса турк партиялари билан алоқаси йўқлигини таъкидлаб, DAVA чет элдан ёрдам олмаслигини таъкидлади.

Партия раҳбариятида тўрт нафар сиёсатчи гамбурглик шифокор, “ҲАМАС ва тегишли ташкилотларни қўллаб-қувватлагани учун” Ички ишлар вазирлиги рўйхатига тушган Мустафо Йўлдош, Қуйи Саксониядан шифокор Али Иҳсан Унлу, Золингенлик ҳуқуқшунос Фотиҳ Зингал ҳамда уюшма раҳбари, инсон ҳуқуқлари фаоли, 30 йил давомида Германия Социал-демократик партиясининг аъзоси бўлган Тейфик Ўзжан ўрин эгаллаган.

Улар, жумладан, келиб чиқиши чет эллик бўлган шахслар квартира топиш ва ишга киришда жиддий муаммоларга дуч келаётганини инобатга олиб, уларга барча зарур ҳуқуқлар тўлиқ берилишини талаб қилишмоқда.

2023 йил июнь ойида мусулмонларга қарши нафрат нутқига қарши кураш бўйича мустақил экспертлар кенгаши немис жамиятида мусулмонларга қарши ирқчилик ва исломофобия кенг тарқалгани ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, Германияда мусулмонлар кўпинча бегонадек қабул қилинади ва Германиянинг тахминан ҳар иккинчи аҳолиси мусулмонларга қарши баёнотларга қўшилади. Ҳисобот муаллифлари Германиядаги мусулмонлар “энг заиф озчиликлардан бири” деган хулосага келишган.

Тадқиқотда экспертлар исломофобия сабаб бўлган кўплаб жиноятлар расмий статистика доирасидан ташқарида қолаётганини таъкидлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.