31.01.2024 12:28

Гарвард талабалари университет раҳбарияти устидан шикоят берди

АҚШнинг Гарвард университети талабалари олийгоҳ раҳбарияти устидан исломофобия ҳолатлари эътиборсиз қолдирилаётгани сабабли АҚШ Таълим департаментининг Фуқаролик ҳуқуқлари бўйича идорасига шикоят йўллади.

WBUR нашрининг хабар беришича, Америка мусулмонлар юридик жамғармаси (MLFA) кўмагида йўлланган шикоятда ОТМ расмийлари кампус ва синфхоналарда фаластинлик, араб ва мусулмон талабаларга таҳдидлар, таъқиблар ва ҳужумларга тегишли жавоб берилгани йўқ.

MLFA баёнотига кўра, шикоят бир нечта Гарвард мактабларининг саккиз нафар талабаси, шу жумладан мусулмон ва араб бўлмаган баъзи Фаластин тарафдори иттифоқчилар номидан берилган.

Талабалар номидан шикоят ёзган MLFA бош адвокати Кристина Жампнинг айтишича, Гарвард "диний камситиш ва диний таъқиблар муаммосини ҳал қилмаяпти". Жамп маълумотларига кўра, Гарвард талабалари исломофобия ҳолатлари ҳақида хабар берганларида, университет маъмурлари шикоятларни рад этган ёки ҳеч қачон талабалар билан муаммолар бўйича боғланмаган ва уларни эътиборсиз қолдиришган.

Мисол учун, унинг сўзларига кўра, деярли барча саккиз иштирокчи талаба кампусда фаластинликларнинг анъанавий рўмоли бўлган куфия кийганлари учун оғир оқибатларга дуч келишган.

"Уларни Гарварднинг бошқа талабалари, Гарвард маъмурлари, профессорлари ва бошқа Гарвард ходимлари тўхтатишган, таъқиб қилишган ва ҳақоратлашган, ‑ деди Жамп душанба куни берган интервьюсида. ‑ Уларнинг баъзиларига нимадир улоқтирган, баъзиларига нимадир ағдаришган. Уларнинг кўпчилиги шунчаки рўмол ўрагани учун «террорчи» деб аталган”.

Гарвард бу сўнгги шикоятга изоҳ беришдан бош тортди. Талабалар шаҳарчасида бир неча ой давом этган можаролар ва собиқ президент лавозимдан четлатилганидан сўнг, муваққат раҳбар Алан Гарбер шу ой бошида исломофобия ва антисемитизмга қарши курашувчи янги ишчи гуруҳлар ташкил этилишини эълон қилди.

Қайд этилишича, Таълим департаментида шикоятлар секин ва ношаффоф тарзда кўриб чиқилади. Аммо Жампнинг сўзларига кўра, талабалар мазкур шикоят қандайдир ўзгаришларга олиб келишига умид билдиришмоқда.

Шу ой бошида яҳудий талабалар томонидан берилган федерал даъвода Гарвард ўз кампусларида антисемитизмнинг назоратсиз ўсишига йўл қўйганликда айбланганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.