Шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони Гарри Каспаров (болаликдаги фамилияси - Вайнштейн) Россиянинг "террорист ва экстремистлар" рўйхатига киритилди. Тегишли қарор Росфинмониторинг томонидан 6 март куни қабул қилинди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Москванинг Хамовнический туман суди шахматчини чет эл агентлари тўғрисидаги қонунни бузгани учун 30 минг рубль миқдорида жаримага тортган эди. Спорт карьерасини якунлаган шахматчи 2023 йилнинг май ойида Россиянинг чет эл агентлари жисмоний шахслари реестрига киритилган.

“Террорист ва экстремистлар” рўйхатига киритилганидан сўнг банклар шахматчининг ҳисоб рақамлари ва маблағларини музлатиши лозим. Шунингдек, уни Россияда беш йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

2023 йил охирида Россия ИИВ Каспаров ва унинг шериги Иван Тютриннинг Украина Қуролли Кучларида жанг қилаётган россиялик кўнгиллиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ким ошди савдоси билан боғлиқ ҳаракатларида “жиноят белгилари”ни топди. Ким ошди савдоси Каспаров ва Тютрин 2016 йилда Россия Федерациясидаги мавжуд сиёсий режимга интеллектуал муқобил яратиш мақсадида асос солган “Озод Россия форуми” томонидан ташкил этилган. 2023 йил февраль ойида Россия Адлия вазирлиги форумни исталмаган ташкилотлар рўйхатига қўшди.

Каспаров 2014 йилда Хорватия фуқаролигини олган. 

Мавзуга алоқадор