Францияда чет эл дипломига эга имомларнинг ишлаши тақиқланди
Франция ҳукумати чет элда таълим олган ва хорижий давлатлардан молиялаштирилган имомларнинг мамлакатда ишлашини тақиқлади. Бу ҳақда IslamNews нашри хабар бермоқда.
Расмийлар
бу чекловларни биринчи марта 4 йил олдин муҳокама қилган, аммо тақиқ расман
2024 йил 1 январдан кучга кирди. Шу тариқа, чет эллик диплом ва чет эллик
маошга эга мусулмон етакчилар энди Франциядаги 2900 та масжидда ишлай олмайдиган
бўлди.
Франция
Ички ишлар вазирлиги раҳбари Жеральд Дарманин Европадаги имом ва масжидлар
фаолиятини анъанавий тарзда молиялаштириб келаётган бир қатор мусулмон
давлатлари ҳукуматларига бу ҳақда мактуб йўллади. Дарманиннинг сўзларига кўра,
бундай тақиқлар хорижий диний таъсирларни чеклаш ва диний қадриятларнинг
“республика тамойиллари”га мос келишини таъминлаш учун зарур.
2020 йил ҳолатига кўра, Франциядаги 300 га яқин масжид имомлари Жазоир, Марокаш ва Туркия каби мусулмон давлатларидан маош олган.
2019 йилги статистик маълумотларга кўра, Франция аҳолисининг 5 фоизи ёки 3,25 млн нафари мусулмонлардан иборат.
Суратда: Жеральд Дарманин