24.07.2024 16:13

Франция мусулмонларга нафратини яна бир бор намойиш этди: Олимпиадада ҳижоб тақиқланди

Дунё аҳли Исломни одатда «адолатсиз», хоссатан аёллар учун «зулмкор» дин деб тушунади. Бундай исломофобча чўпчак нафақат мантиқсиз, балки Исломни жиддий ва қасддан нотўғри талқин қилиш ҳамдир. Франция яқинда мусулмон аёлларни бу йилги Олимпиадада ҳаёни ифодаловчи ва эркаклар назаридан ҳимояловчи либос бўлган ҳижоб кийишдан тўсди. Одатда ҳижобланиш зулм билан боғланади, ҳолбуки аслида у мусулмон аёлларнинг ўзлари учун амалга оширадиган онгли танловидир.

Франция анча вақтдан буён умумий аҳолисининг 10 фоизини ташкил этувчи мусулмонларга исломофобик муносабатда бўлиб келади. Хусусан, 2004 йилда Франция Сенати давлат мактабларида рўмол ўрашни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу 2010 йилда мусулмон аёлларга бурқа кийишни чекловчи бошқа бир тақиққа олиб келди. 2017 йилда ўтказилган тадқиқотларда францияликларнинг 69 фоизи Исломни Франция учун мос келмайдиган дин деб ҳисоблаши, шу билан бирга, 75 дан ортиқ масжид Франция ҳукумати томонидан қаттиқ кузатув остида экани ойдинлашди. Мусулмонларни иш жойларида камситиш ҳолатлари ҳам кенг тарқалган бўлиб, христианларга қараганда мусулмонларнинг иш топиш эҳтимоли икки баравар кам. Бу чуқур илдиз отган исломофобия ҳодисалари тасодиф ёки шунчаки хато эмас. Бу Францияда мусулмонларни бошқа дин вакилларидан ажратиш мақсадида уларни таҳқирлаш ва камситишга қаратилган онгли ҳаракатдир.

Франция спорт вазири Амели Оудеа-Кастера Олимпиадада ҳижоб тақиқланишини ўтган йили эълон қилган эди. Франция бу йил Олимпиадани ўтказаётгани сабабли, ташкилий қўмита яна бир бор мусулмонларни нишонга олиш имконияти борлигини пайқади. Олимпиада ўйинлари яқинлашиши билан қаршилик кучайиб бормоқда, чунки Франция нафақат Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро декларацияни, балки ирқ, ранг, жинс ва дин асосида камситишни тақиқловчи Олимпиада Низомини ҳам бузди. Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) камситишга қарши қадриятларни ҳимоя қилганига қарамай, ташкилот Франциянинг мусулмон спортчилар учун ҳижобни тақиқлаш қарорини қоралаш борасида жиддий чора кўрмади. ХОҚ фақатгина Франциянинг спортда ҳижобни тақиқлашини Олимпия ҳаракатининг ваколат доирасидан ташқари иш деб ҳисоблайдиган баёнот билан чиқди ва «дин эркинлиги турли давлатлар томонидан турлича талқин этилишини» қўшимча қилди.

Олимпия ўйинлари инсоннинг кийим танлаш услубини акс эттирувчи диний қадриятлар эмас, балки мушак кучи ва спорт маҳоратининг ўлчовидир. Франциянинг бу йилги Олимпиада даврида жинсий тенгликка эришишда илгарилаш ҳамда эркаклар ва аёллар нисбатида 50:50 даражасига эришиш ҳақидаги даъвоси кўп жиҳатдан иккиюзламачиликдир. Аёлларни ўзлари танлаган кийимни кийиш ҳуқуқидан чеклаш орқали жинсий тенгликка эришиш мумкин эмас. Франция ҳеч қачон спортда очиқ кийишни тақиқламайди, лекин у Олимпиада ўйинларида аёлларнинг ёпиқроқ кийим кийишини бемалол тақиқламоқда. Бу маданий ва диний қадриятларга асосланган яққол жинсий камситишдир.

Франция ҳукуматининг мамлакатда яшаётган миллионлаб мусулмонларга нисбатан нега бу қадар шафқатсиз муносабатда бўлиши жуда тушунарсиз масала. Маданий стереотиплар ва оммавий ахборот воситаларининг доимий нотўғри талқинлари исломофобик зўравонликни кучайтирувчи асосий омиллардир. Худди шундай, Франциянинг мусулмонларга қарши сиёсати ва ўтмишдаги нотўғри хатти-ҳаракатлари мусулмонлар ҳақидаги жамоатчилик фикрини салбий томонга ўзгартиришда етакчи роль ўйнайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.