23.09.2025 12:05
158
Франция Фаластин давлатини тан олди
Франция БМТ йиғилиши арафасида Фаластин давлатини тан олди. Президент Эммануэл Макрон 22 сентябрь куни БМТ қошида, Франция ва Саудия Арабистони иштирокида ўтказилган Фаластин муаммосига ечим топиш ва “икки давлат” формуласини амалга оширишга бағишланган халқаро конференцияда тегишли баёнот билан чиқди.
Макрон ўз чиқишида 2023 йил 7 октабр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумларни қоралади. Лекин, у кеч бўлмасдан тинчлик ўрнатилиши кераклигини айтди.
“Кимдир айтади, бу жуда кеч. Кимдир айтади, бу жуда эрта. Аммо битта ҳақиқат аниқ – биз энди кутиб туролмаймиз”, деган Макрон.
Шунингдек, у Фаластин давлатини тузиш бўйича берилган ваъдалар бажарилмай қолганини эслатди.
Маълумот учун, БМТ тадбирида, шунингдек Люксембург, Мальта, Монако ва Белгия ҳам Фаластин давлатини тан олди. Канада, Британия, Португалия ва Австралия 2 кун олдин Фаластинни тан олганди.