25.06.2024 08:04

Франция бош вазир лавозимига номзод: Фаластин давлатини тан олиш терроризмни тан олиш дегани

Бугунги кунда Фаластин давлатини тан олиш террорни тан олиш билан баробар, дея маълум қилди  Франция ўнг қанот Миллий бирлашув партияси етакчиси ва бош вазир лавозимига номзод Жордан Барделла 24 июнь, душанба куни.
“Икки давлат позицияси (Исроил ва Фаластин) 7 октябрь куни ҲАМАСнинг ваҳшийликлари ва ҳужумларидан сўнг эскирди. Фаластин давлатини тан олиш терроризмни тан олишни англатади. Мен яҳудий ватандошларимизга исломийлик қаршисида қалқон бўламан”, — деди Франция бош вазири лавозимига номзод Барделла.  
Ўта ўнгчи сиёсатчининг қўшимча қилишича, у Украинага француз қўшинларининг юборилишига ва Россия ҳудудига зарба бера оладиган узоқ масофали ракеталарнинг етказиб берилишига ҳам рухсат бермайди.
Эслатиб ўтамиз, 9 июнь куни Макрон ўзининг Уйғониш даври партияси Европа парламентига сайловларда мағлубиятга учрагач, Миллий ассамблеяни (парламент) тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказишга қарор қилди. Биринчи босқич 30 июнь куни, иккинчи давра эса 7 июль куни бўлиб ўтади. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.