13.03.2024 14:30

Financial Times: ЕИ Мисрга иммиграцияни чеклаш учун 7,4 млрд евро ажратади

Европа Иттифоқи Ғазо ва Судандаги можаролар Мисрнинг молиявий аҳволини ёмонлаштириши ва Европага миграция босимининг кучайиши хавфидан хавотирда Шимолий Африка мамлакати иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган 7,4 миллиард евролик ёрдам пакетини тайёрламоқда. Бу ҳақда Financial Times газетасининг баъзи манбалари хабар берди.

Хабарга кўра Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Леен якшанба куни Греция, Италия ва Бельгия бош вазирлари билан биргаликда Қоҳирага келишув бўйича тайёргарлик кўриш ва бу ҳақда эълон қилиш учун боради. Тайёргарлик ишларида иштирок этган Европа расмийси келишув "муҳим ва стратегик аҳамиятга эга" эканлигини айтган.

Келишув Миср энергетика секторини қўллаб-қувватлаш, Ливия билан чегарани мустаҳкамлаш ва бошқаларга йўналтирилади. Нашрнинг қайд этишича, Судандаги можаролар натижасида қочқинларнинг Мисрга ўтиши, у ердан эса Ливияга, сўнгра Ўрта денгиз орқали Европага ўтишидан хавотирлар кучайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазодаги уруш ва Қизил денгиздаги вазият туфайли Миср фунти 60 фоизга қадрсизлангани, мамлакат иқтисодиёти миллиардлаб долларлик тушумдан маҳрум қолаётгани ҳақида ёзган эдик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.