Фаластин ватанпарварларидан дунёга 3 та муҳим хабар
31 июль куни Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши Ғазодаги уруш ва у билан боғлиқ зиддиятлар, музокаралар масаласи, ҳаракатнинг ички ҳолати ва ташқи дунё билан алоқаларига таъсири борасида бир қанча саволларни юзага келтиради. Шунга қарамай, қаршилик ҳаракатининг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар Исмоил Ҳаниянинг вориси бўлиши, ҲАМАСнинг келгусидаги стратегиясини кўрсатмоқда.
Ушбу танлов ҳаракат раҳбарлигини унинг сиёсий қанотидан
бўлган бир шахс эгаллашини кутганлар учун кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин. Лекин
бу Ҳаниянинг ўлдирилиши ва Исроилнинг шафқатсиз қарорлари, минтақавий хавф
даражасининг ортиб боришидан кейинги табиий реакциядир.
Биринчидан, 7 октябрь ҳужумининг меъморларидан бири Яҳё
Синварнинг ҳали ҳамон Ғазонинг турли қисмида самарали кураш олиб бораётганига
далолат қилади. Уруш бошланганига бир йилга яқинлашаётганига қарамай, Исроил
ўзи ва ҳомийси бўлган АҚШнинг барча илғор ҳарбий, разведка ва жосуслик
қуроллари билан ҳам уни қўлга олиб, ўлдира олмаяпти. Бу Синвар уруш даврида
ҲАМАСни ички ва ташқи сиёсатда бошқаришга қодир кучли шахс эканини намоён
этади.
Унинг ушбу вазифага тайинланиши, шунингдек, ҳаракатнинг икки
қаноти: ичкаридаги ҳарбийлар ва чет элдаги сиёсий қанот ўртасидаги бирдамлик
зарурати ҳам бўлиб, Синварнинг ташқи дунёдан ажралиб қолгани ва Ҳаниянинг
ворислиги бўйича ҳаракат ичида можаролар борлиги ҳақидаги Исроил иддаоларини
рад этади. Синварни танлаш орқали Фаластин ватанпарварлари душманлар ва
томошабин бўлиб турган мусулмонларга учта муҳим “мессеж” юборди.
Бирдамлик ва босқинчиларга сўнгги нафасгача қаршилик
қилиш
Жиҳодчиларнинг Синварни танлаши Ғазо ва чет элдаги қанотлари
ўртасидаги ички бирдамликни намойиш этишдан ташқари, Исроил босқинчиларига
охиригача қаршилик кўрсатишлари хабарини ҳам йўллади. Бу хабар ҳаракат ҳамон
кучлилиги ва сионистлар ва уларнинг малайлари Ҳанияни ўлдириш билан
мусулмонларни қайғуга чўмдирган бўлса-да, қотилликлар қийинчиликларга бардош
бера оладиган янги раҳбариятни шакллантираётганини билдиради.
Исроил Ғазодаги қаршилик азмини сусайтириш ва ўзининг 7
октябрь ҳужумидан кейин тушиб кетган обрўсини тиклаш ҳамда ҳарбий разведка
имкониятларини намойиш этиш учун ҳаракатнинг Сиёсий бюроси раҳбарини чет элда
халқаро ҳуқуқлар доирасидан ҳам четга чиқиб ўлдирди. Энди у Синварга нафақат
Ал-Ақсо тўфони меъмори ёки қаршилик раҳбари сифатида, балки ҲАМАС лидери
сифатида ҳам тўқнаш келишга мажбур бўлади.
Ўз қавми ҳам лаънатлаётган Биньямин Нетаньяхуга
шармандалик хабари
Исроил ,ош вазири Биньямин Нетаньяху Ҳаниянинг ўлдирилишини
(гарчи у бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаса ҳам) ўзига қарши чиққан
“мусулмонларнинг бошини чопиш ва урушдаги муваффақият” сифатида тарғиб қилди.
Ҳаракат Синварни Ҳаниянинг вориси этиб тайинлаш билан
Нетаньяхунинг бу даъволарига муносиб жавоб берди. Ишғолчилар 7 октябрь ҳужумини
уюштиришда Синварни асосий айбдор деб ҳисоблаб, унинг тахминий манзилларини
АҚШнинг энг кучли ракеталари билан ўққа тутса-да, Аллоҳ асраган бандасини йўқ
қила олмаяпти. Бу эса дунё тизгини ўзининг қўлида эканига шама қилаётган
сионистлар ва улар қанчадан-қанча бегуноҳларнинг қонини тўкиш орқали қураётган
давлат раҳбари учун шармандаликдир.
Нетаньяху бу урушда ўз мавқейидан деярли айрилди ва
Исроилдаги беқарорлик учун асосий жавобгар шахс сифатида кўрилмоқда. Энди
минглаб фаластинлик аёллар ва болалар ҳамда ҲАМАС етакчиларининг қони ҳам унинг
бу айбини юва олмаса керак.
Музокаралар кучи
Марҳум Исмоил Ҳания ҲАМАСни ишғолчилар билан урушни тугатиш
бўйича келишувга эришиш учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўриларди. Унинг
ўлдирилиши маълум даражада бундай битимга эришиш имкониятларини барбод қилди.
Асирларнинг қайтарилишини истаган кўплаб исроилликлар Нетаньяхуни урушни тўхтатишни
истамаётгани ва келишувга эришишга тўсиқ бўлаётганини таъкидлашади.
Дарҳақиқат, Ҳаниянинг ўлдирилиши Нетаньяхунинг келишувдан
қочиш ва урушни имкон қадар узоқ давом эттириш учун музокараларда қўллаган
ҳийлаларини фош қилди. Синварнинг озодлик ҳаракати бошқарувига келиши Нетаньяху
дунёни алдашда давом этар экан, у бундан буён музокараларни давом
эттиролмаслигини барчага билдириб қўйди. Воситачилар келгусида ҳар қандай
келишувга эришиш учун энди маккор душманни яхши танийдиган Синвар билан
гаплашишга мажбур.
ҲАМАСнинг асосий устувор вазифаси эса – Ғазо секторида
Исроил қирғинини тўхтатиш ва 7 октябрдан кейин қўлга киритилган стратегик
ютуқларни сақлаб қоладиган келишувга эришишдир.
Маҳмуд Аллуч, Халқаро муносабатлар бўйича тадқиқотчи