03.01.2024 14:26

Европа Иттифоқи Косово билан визасиз режим жорий қилди

1 январь, душанба куни мустақиллиги қисман тан олинган Косово Республикаси фуқароларига Европа Иттифоқи чегарасини визасиз кесиб ўтишга рухсат берувчи қонун кучга кирди, дея хабарбермоқда Reuters.

Янги тартибга кўра, косоволиклар Европа Иттифоқида 90 кунгача қолишлари мумкин, шундан сўнг ҳеч бўлмаганда шунча муддатга ундан ташқарига чиқишлари керак бўлади.

Мамлакат ҳукумати визасиз режим жорий этилишини Косовони Европа Иттифоқига тўлиқ қабул қилиш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида баҳоламоқда. Бироқ Косово билан визасиз режимни Европа Иттифоқининг мамлакатни ҳалигача Сербиянинг бир қисми деб ҳисобловчи беш аъзоси – Кипр, Греция, Руминия, Словакия ва Испания қўллаб-қувватламади. Улар ушбу қарор миграциянинг янги тўлқинига олиб келишидан хавотир билдирмоқда.

1 январь куни Приштина аэропортида мамлакат президенти Албин Курти ЕИга визасиз учаётган илк косоваликлар билан кўришиб, ватандошларини ҳаракат эркинлигини суиистеъмол қилмасликка ва ЕИда иш топиш учун визасиз режимдан фойдаланмасликка чақирди.

Косова 2008 йилда Сербиядан мустақил бўлган. Аммо Сербия, Россия ва Хитой эътирозлари сабабли ҳалигача БМТ аъзоси бўлгани йўқ. Бугунги кунда ушбу мамлакатни 110 дан ортиқ давлат тан олган. 1,8 млн дан зиёд аҳолисининг 95,6 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Асосий аҳолиси албанлар, серблар, лўлилар ва бошқалардан иборат.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.