28.02.2024 08:34

Европа Иттифоқи: Ғарбнинг ҳукмронлик даври тугади

Ғарбнинг дунёда ҳукмронлиги даври ниҳоясига етди, буни унинг "глобал жануб" билан муносабатларидаги муаммолар кўрсатди, деб ёзди Европа Иттифоқи бош дипломати Хосеп Боррел Мюнхен хавфсизлик конференцияси якунлари бўйича ўз мақоласида.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки йил ичида Брюсселнинг жанубий давлатлар билан муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашган, шу сабабли ЕИ ва АҚШ “глобал жануб”ни ўз фойдасига оғдириши қийинчиликка дучор бўлмоқда, айниқса гап Россия-Украина ҳақида борганда. Боррелнинг тан олишича, Москва Африка, Осиё ва Жанубий Америкада Ғарб таъсири камайишидан фойда кўради.

2022 йил февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганидан бери ноғарбий дунёнинг ҳеч бир давлати, Япониядан ташқари, Россияга қарши санкцияларга қўшилгани йўқ. Аксинча, Хитой, Ҳиндистон ёки Бразилия каби бир қатор давлатлар АҚШнинг санкциялар босимига қарамай, Россия билан савдо ҳажмини оширди.

"Ғарб ҳукмронлиги даври тугади ва бундан амалий сабоқ олиш керак, - деб ёзади Боррел ўз блогида. - Агар ҳозирги глобал геосиёсий таранглик Ғарб қолганларга қарши йўналишида ривожланишда давом этса, Европанинг келажаги қоронғи бўлиб қолиши мумкин”.

Евроиттифоқ бош дипломатининг фикрича, Европа Иттифоқи тўртта асосий геосиёсий муаммога дуч келмоқда:

- Россия босқинига қарши урушда Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш;

- Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришиш, Фаластин давлатини яратишга кўмаклашиш;

- Европа Иттифоқи ва "глобал жануб" ўртасида алоқаларни ўрнатиш;

- Европанинг мудофаа даражасини ошириш, хусусан, Дональд Трампнинг АҚШ НАТОдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги сўнгги баёнотлари нуқтаи назаридан.

Шунингдек, сиёсатчи Украинадаги уруш ва Исроилнинг Ғазога бостириб кириши Ғарб ва “глобал жануб” ўртасидаги дарзни кенгайтирганини таъкидлади. Бу январь ойида Гаагада бўлиб ўтган Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвоси чоғида янада ойдинлашди: Африка давлати Тел-Авивни фаластинликларга қарши геноцид содир этишда айблади.

Аксарият Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Германия судга қарши чиқди ҳамда Исроилни қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, "глобал жануб" мамлакатларининг аксарияти Жанубий Африка ва Фаластин томонида бўлди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.