Ғарбда яшаб болам дини ғариблашди
Бир болага етти маҳалла ота-она дейишади. Бу гап замирида шундай маъно бор: бола тарбиясига фақатгина ота-она эмас, қўни-қўшни, маҳалла ва умуман у яшаётган жамият масъулдир. Нафақат тарбиясига, балки эътиқодига ҳам. Сўнгги йилларда шарқ мусулмон мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондан бир қисми ғарбга кўчиб кетиш ҳолатлари кучаймоқда. Айрим давлатлар аҳолиси мамлакатдаги нотинчлик сабаб Европа томон қадам ташлашга мажбур бўлса, бошқалар фаровон ҳаёт илинжида ўзга юртга отланмоқда. Лекин бунинг юқорида айтганимиз — у ёқдаги ҳаётнинг фарзандлар тарбияси ва эътиқодига таъсири кишини хавотирга қўяди.
Пев Ресеарч Сентре ҳисоботига кўра Европадаги мусулмонлар сони ҳар йили камида бир фоизга ўсиб бормоқда. 2030 йилга бориб Европа аҳолисининг 8 фоизини мусулмонлар ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. Аммо бу дегани Европада энди мусулмонча яшаш, боланинг ислом талаблари асосида вояга етишида муаммо бўлмайди дегани эмас. Чунки ғарбда мусулмонлар сони қанчалик ортмасин, исломофобия ҳам кескин кучаймоқда.
Истанбулдаги Туркия-Германия университети профессори Энес Байракли Анадолу нашрига берган интервьюсида Европада йилдан йилга исломофобик руҳдаги қоидалар амалга киритилаётгани, аниқроқ айтганда исломофобия қонунийлаштирилаётганини таъкидлаган. Бу эса мусулмонларга нафақат жамиятда салбий қараш борлигини, балки бу фобия ҳукумат миқёсида авж олганини англатади. Мактабга борганида мусулмон эканлиги учун даврага қўшила олмаган боланинг хаёлидан бир марта бўлса ҳам “балки хато йўлдадирман” деган фикр ўтиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг такрорланиши эса ёш мусулмонларнинг диндан чиқишига олиб келиши мумкин. Устига устак Энес Байраклининг таъкидлашича Европанинг айрим ҳудудларида нафақат мусулмон кишиларга нисбатан нафрат шаклланган, балки нодавлат мусулмон ташкилотлари ҳам ёмонотлиқ қилиб кўрсатилмоқда. Яъни у хоҳ ҳалол ресторан бўлсин, хоҳ мусулмонча меҳмонхона — жамият ёки ҳукумат уларни сиқувга олиши эҳтимоли ортиб бормоқда. Фақат оиладан бошқа ҳар бир қадамида исломга нафратни кўрган, бошқа дин вакилларининг тинч-тотув, фаровон яшаётганини кўрган ёшларнинг фикри захарланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ғарбга борган биринчи авлод муҳожирлари яъни ота-оналарда бу ҳолат кузатилмаслиги мумкин. Чунки улар эътиқодини ўз мамлакатида мустаҳкамлаб олган бўлади. Аммо иккинчи авлод муҳожири, яъни ғарбга кўчиб ўтган оиладан туғилган фарзандлар ўзлари билган ёки билмаган ҳолатда ғарб жамиятига қоришиб кетишади. Улар тил, кийиниш, маданият жиҳатидан европалашиб ёки америкалашиб боради. Атрофдаги бошқа дин вакилларининг уларга исломнинг қайсидир тамойиллари хато эканини уқтиришга ҳаракати эмас, уни айнан мусулмон бўлгани учун ижтимоий паст мавқеда кўришлари, ўзини қадрсиз деб ўйлаши психологик жиҳатдан ярадор қилади ва бу бошланишида динга шубҳа, кейинчалик эса бутунлай диндан чиқишга етаклаши мумкин.
«Яқеэн» Ислом тадқиқотлари институти Америкадаги мусулмонларда пайдо бўладиган шубҳа ва диндан чиқиш ҳолатлари бўйича ўтказган тадқиқотда бунга асосий сабаблар сифатида исломнинг мунтазам танқид қилиниши, эволюция, гендер ва ҳоказо таълимотларнинг ғарбга хос ёндашувлари, жамиятдаги исломофобик руҳ таъсир қилиши аниқланган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Наҳотки ғарбга кўчиб кетиш олдидан мусулмонлар шу каби хавфларни ўйлашмайди. Чегараларда жон ҳовучлаб кетишлар, боргандан сўнг ишсизлик муаммолари, зулм ва ҳоказоларни очиқ кўз билан кўриш имкони борку ахир! Ғарб жамияти маданий ва ахлоқий жиҳатдан ўзига тескари бўлган дин вакилини қучоқ очиб кутиб олиш эҳтимоли мингдан бирми ёки миллионданми?
Қуора порталига қанча мусулмон исломни тарк этмоқда мазмунида жойланган саволга берилган жавобларни ўқиган киши ҳайратдан ёқа ушлайди. Сиз ёки биз диндан чиқаётган мусулмонни ҳар куни ҳам кўравермаймиз, эҳтимол умуман кўрмагандирсиз. Аммо порталдаги жавоблар Индонезия, Покистон, Эрон каби асосий дини ислом бўлган мамлакат фуқаролари томонидан қолдирилган ва бунга сабаб улар қанчадир вақт ғарбга сафар қилган, қанчадир йил яшаган ёки шунчаки ижтимоий тармоқ орқали мутазам равишда европаликлар билан мулоқотда бўлган.
Пев Ресеарч Сентерънинг 2017 йил ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, Америкага кўчиб ўтган мусулмонларнинг кейинги авлодларининг 24 фоизи исломни тарк этган ва бу бир йиллик кўрсаткич. Уларнинг эса 55 фоизи ўзини ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини, 22 фоизи насроний ва яна 21 фоизи буддизм, ҳиндуизм ва бошқа эътиқодларни танлагани маълум қилинган.
Сабаблар эса турлича: кимдир исломни яхши билмагани сабаб қалбидаги шубҳа натижасида динни тарк этган бўлса, яна кимдир ташқи таъсирларга учган.
Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, ўтган йилда греэн кардга ариза топширган ҳамюртларимизнинг 5511 нафари Америкага кетиш имкониятини қўлга киритган. Бу эса камида 5 минг нафар ўзбекистонлик Америкага кетади дегани. Греэн кардсиз, бошқа йўллар орқали кетадиганлар эса алоҳида мавзу. Аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мамлакат фуқароси ғарб давлатига боргач у ернинг паст баланди ва ахлоқий-маданий шароитларини қанчалик қабул қилишию, ўзлигини қанчалик сақлай олиши муҳим, бироқ мавҳумроқ масала.
Ал Жазира нашри Европа давлатларининг бирида яшовчи 17 ёшли қизнинг ҳикоясини келтиради. Унга кўра мусулмон қизнинг оиласи Европага кўчиб ўтган ва қиз синфидаги 18 нафар ўқувчилар ичидаги ягона мусулмон эди. Синфдошлари баъзан алоҳида, баъзан эса гуруҳ бўлиб унга нега ҳижобда экани, нега мусулмонлиги, исломнинг унга нима фойдаси бор экани ва ҳоказо саволларни бериб қизнинг хаёлига шубҳа солишади. Қиз эса “уларнинг саволига жавоб бериш учун аввало ўзимда жавоб йўқ эди” дейди. Аҳвол шу даражага етадики, муслима қиз Аллоҳнинг борлигига шубҳалана бошлайди. Кейинчалик хотираларини сўзлаб берар экан “Мен Аллоҳни тарк этдим, лекин Аллоҳ мени ташлаб қўймади” деб таъкидлади ва бу каби ҳолат ғарбда яшайдиган ҳар бир мусулмоннинг бошига тушиши мумкинлиги, қанчадан-қанча мусулмон ёшлари ҳар куни шу каби тўқнашувлар, низолар, камситишлар, психологик изтиробларни бошдан кечиришини айтади
Ушбу фикрлар ва фактлар орқали ғарбда яшаш мусулмонлар учун хавфли ёки нотўғри дейишдан йироқмиз. Ҳар ким ўзига муносиб кўрган, ўзини яхши ҳис қилган жойга бориши ва яшаш ҳуқуқига эга. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳар ернинг ўз тошу тарозиси бор. Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилмаслиги, Европа ёки Америкага борган мусулмонларнинг диндан чиқиб кетишини олдини олиш учун нима қилиш керак деган савол туғилади. Жавоблар эса бир қанча топилади.
Аввало, мамлакатни тарк этаётганларнинг нима учун ғарбга интилаётганини аниқлаш ва ўша шароитни ўз юртида яратиш лозим. Кимдир яхшироқ маош излаб Францияга кетмаслиги учун унинг меҳнати ўз юртида қадрланиши керак. Ҳеч бир инсон хоҳ у мусулмон бўлсин хоҳ бошқа дин вакили — ўз юртида унга тазйиқ бўлмаса, ҳаёти фаровон бўлса, меҳнати, илми, ҳаракати муносиб баҳоланса, ҳеч қачон ўз юртини ташлаб кетмайди. Нари борса саёҳат учун хорижга чиқиши мумкин, лекин ота юртини бутунлай ташлаб, эътиқоди учун камситиладиган жойга кўчиб кетмайди.
Бундан ташқари, киши ҳар қандай вазиятда ҳам динида собитқадам бўлиши учун илми ва иймони мустаҳкам бўлиши керак. Бундай илмни олишга ўз юртида имконият бўлса, ислом илмларини мустаҳкам ўзлаштирса, уни ҳар қандай тазйиқ ёки камситиш ҳам динини тарк этишга сабаб бўла олмайди.