27.08.2024 14:32
Эронда сунний мусулмон вице-президент бўлди
Эрон президенти Масуд Пезешкиан сунний мусулмонни вице-президент лавозимига тайинлади, деб хабар бермоқда Аrab Nеws.
Суннийлар Эрон аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Бироқ 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин улар камдан-кам ҳолларда раҳбарлик лавозимларига тайинланган.
Душанба куни Абдулкарим Ҳусайнзоданинг қишлоқ ва ночор қатламларни ривожлантириш бўйича вице-президент этиб тайинланиши бу амалиётдан истисно эди. Ҳусайнзода номзоди унинг катта ва қимматли тажрибаси туфайли танланди, дейилади президент маъмурияти сайтида.
44 ёшли ислоҳотчи Абдулкарим Ҳусайнзода аввалроқ Эрон парламентида Нагаде ва Ошнавие шаҳарлари вакили бўлган. У бир неча марта сунний озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун очиқ гапирган.
Масуд Пазешкиан сайловолди ташвиқоти чоғида ҳукуматда диний ва миллий озчиликлар вакили йўқлигини танқид қилган, хусусан, сунний курдларни тилга олган.