Теҳронда Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавоб тариқасида, Эрон Исроилга қарши тарихда илк марта тўлақонли ракета ҳужумини амалга ошириши мумкин. Мавжуд хавфни инобатга олган сионистлар аллақачон ўзининг мудофаа тизимини ҳамкор давлатлар ёрдамида янада мустаҳкамламоқда.

11 август куни "The Jerusalim Post" газетаси Эрон парламенти Миллий хавфсизлик комиссияси аъзоси Аҳмад Бахшаеш Ардестанийнинг сўзларидан иқтибос келтириб, "Эроннинг Исроилга қарши ҳаво операциялари уч-тўрт кунгача давом этиши мумкин"лигини прогноз қилганди.

Бундан ташқари, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Байрутдаги сўнгги ҳужум учун қаттиқ ўч олишга ваъда берган. 

Қайд этилишича, форсларнинг бу галги ҳужуми апрель ойида Исроилнинг Дамашқдаги Эрон дипломатик ваколатхонасига қилинган ҳалокатли ҳужумига жавобан амалга оширилган дрон ва ракета ҳужуми каби оддий огоҳлантириш бўлмайди. Шунингдек, Ливанда ҳам “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг 100 000 дан ортиқ ракетаси бор бўлиб, уларнинг аксарияти Исроилдаги исталган нуқтасига етиб бора олиши тахмин қилинади. Эроннинг ҳарбий салоҳияти эса бундан ҳам юқорироқ эканлиги шубҳасиз.

Агар Эрон жавоб қайтарса, бу ҳужум ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ва деярли кўп сонли қурбонларга сабаб бўлувчи  илғор ракеталар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Исроилнинг мақтовга сазовор бўлган “Темир гумбаз”и ҳам уларнинг барчасини тутишга қурби етмайди.

 

Таҳлилчилар шиаларнинг апрель ойида сионистларга қарши тарихдаги илк зарбаси аслида АҚШ ва бошқа ўйинчилар билан келишилган ҳолда амалага оширилганини айтишади.

“Ўтмишга назар ташласак, бу тўхтатувчи омил етарли эмас эди, – дейди Эрон ядровий музокаралар гуруҳи аъзоси, профессор Муҳаммад Маранди, – Шунинг учун бу сафар эронликлар кучлироқ зарба беришлари керак бўлади”.

Марандининг фикрида жон бор. Исроил Дамашқдаги элчихонасига ҳужум қилганидан сўнг, Эрон апрель ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа Ғарб иттифоқчилари Исроил томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг бундай қўпол равишда бузилиши учун ҳатто танбеҳ ҳам беришмади. Яқинда сионистларнинг иттифоқчилари икки лидернинг ўлимига сабаб бўлган Байрут ва Теҳрондаги ҳужумларни қоралашдан ҳам бош тортишди.

Фаластинлик таҳлилчи Рула Жаброил: “Бу шунчаки бир лидерни йўқ қилиш эмас, балки тинчлик музокараларини бутунлай издан чиқариш эди”, – дейди.

Жонс Хопкинс университети профессори, АҚШ Давлат департаментининг собиқ катта маслаҳатчиси Наср Валийнинг айтишича, Исроил Эронни урушга ундаяпти:

 “Иккинчи жаҳон урушидан бери ўз қадриятларини ҳимоя қилувчи халқаро либерал тартиб энди ўзининг қоидаларига ўзи ҳам ишонмаяпти. Халқаро миқёсдаги адолатсизликлар томонларни қонли урушларга тортиши мумкин”, – дейди у.

Агар шиалар ростдан ҳам ҳужумга ўтса, бу АҚШ бошчилигидаги сионистпарастларнинг ўтакасини ёриши турган гап. Агар Исроил кучли жавоб қайтарса (албатта, бу стандарт ҳаракат) ва Америка вазиятга аралашса, оқибатда Форс кўрфази ёпилиши мумкин. Бу эса Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа давлатлардан мустамлакачиларга нефть ва газ етказиб беришнинг ойлаб ёки ундан кўпроқ вақт давомида кечикишига олиб келади.

Профессор Муҳаммад Марандининг айтишича, Эрон энг ёмон сценарийга рози бўлиши даргумон, чунки бу унинг яқин дўстлари ва иттифоқчилари билан алоқаларига ҳам таъсир қилади.

“Глобал жанубдаги мамлакатлар глобал иқтисодий инқирозга дуч келишни истамайдилар – минтақавий уруш уларнинг иқтисодиётини жарликка етаклайди. Айтайлик, зиддиятларга америкаликлар аралашиб, Эронга зарба берса, Форс кўрфази минтақасида Америка базаларига эга бўлган барча мамлакатлар [душман сифатида] кўрилади. Бу ерда жойлашган барча нефть ва газ иншоотлари йўқ қилинади. Ироқда америкаликлар мағлуб бўлади”.

Агар Ҳусийлар каби ҳарбийлашган гуруҳ Қизил денгиз устидан назоратни сўнгги бир неча ой давомида ўз қўлига олишга муваффақ бўлса (улар Исроилнинг асосий Қизил денгиз порти бўлган Эйлатни яқинда банкрот деб эълон қилишга мажбур қилди), Эрон каби йирик давлат АҚШ ҳужумига жавобан Форс кўрфазида нималарга қодир бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг.

Хўш, Эроннинг Исроилга ҳужуми ва шундан сўнг юз берадиган воқеалар қай даражада ҳақиқатга яқин? Биринчи эпизод кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланади: шиалар ва “Ҳизбуллоҳ” суиқасдларга қатъий жавоб бермаса, АҚШ бошчилигидаги сионистлар бунга ўхшаш ҳужумларини давом эттириши табиий.

Фақат шуниси номаълум: ҳужум қанчалик аниқ бўлади, қурбонлар сони қанча бўлади, қайси объектларга зарба берилади ва энг муҳими Исроил жавоб берадими? Ғарбдаги кўпчилик АҚШ ва Исроил иттифоқи Эронга қарши урушда ғалаба қозонишини тахмин қилишмоқда. Лекин Эронда ҳам гипертовушли ракеталар мавжудлигини унутмаслик лозим.

 

Америка президенлигига қайта ўз номзодини қўяётган ва амалдаги Президент Жо Байденни ушбу курашдан чиқариб юборган Дональд Трамп эса “агар у президент бўлганида, бу ҳаракатлари учун 80 миллион аҳолига эга Эронни ер юзидан супуриб ташлаши”ни айтиб пўписа қилди.

Агар АҚШ аҳмоқлик қилиб жангларга қўшилса, эронликлар зарба беришга мажбур бўлади ва бу ўз навбатида барча Форс кўрфази давлатлари ҳамда минтақадаги ҳукмрон монархиялар тақдирини хавф остига қўяди.

БМТ Бош котиби Антонио Гуттереш огоҳлантирганидек, Исроил ва Америка Ливанда ҳам геноцидни давом эттириши мумкин. Бу эса сионистлар мағлубиятга қадар юришини тўхтатмоқчи эмаслигига ишорадир.

 Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам ишғолчи кучларнинг Ливанга киришига жим қараб турмаслигини маълум қилди.

“Туркия биродар Ливан халқи ва давлати билан бирдамликда. Мен минтақадаги бошқа давлатларни Ливан томонда бўлишга чақираман”, – деган Эрдўғон.

Туркия нафақат минтақадаги энг катта армияга эга давлат, балки у НАТО аъзоси. Агар АҚШ ва Исроил Ливанга ҳужум қилса, биз тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳодиса – икки НАТО давлатининг тўқнашувига гувоҳ бўламиз.

АҚШнинг Саудия Арабистонидаги собиқ элчиси Чес Фримен шундай дейди:

“Жаноб Нетаньяху Исроилни олиб кирган гирдобдан чиқариш осон эмас. Улар АҚШ ёрдамисиз енгилиши аниқ. Исроил ўз манфаатларига тескари келган Америка манфаатларига қўл силкимоқда. Улар бизнинг елкамиздаги оғир тошдир”.

Сиёсатшунос Профессор Жон Миршаймер АҚШ ташқи сиёсатининг асосий устунларидан бири қулаш арафасида эканини таъкидлайди:

“Эрондаги воқеалар форсларнинг ядровий қуролга эга бўлиш истагини оловлантирди”.

Профессор Эронга ҳужум натижасида юзага келадиган бошқа оқибатларни ҳам қўшимча қилди:

“Россия ҳарбий самолётлари ва мутахассислари Эронга оқиб келмоқда ва руслар форсларга биз тахмин қилишимиз мумкин бўлган барча ёрдамни аямайди. Чунки, бу уларнинг манфаатларига тўғри келади. Россия АҚШнинг Эронга қарши ҳар қандай ҳужумини ўзига нисбатан таҳдид сифатида қабул қилади.

Биз Хитой, руслар, Эрон ва Шимолий Корея янада яқинлашиши учун сабаб топиб беряпмиз. Бу, албатта, бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди”.

Уруш бошланса, ғолиблар бўлмайди. Яқинлашиб келаётган фалокат учун АҚШ ҳам сионистларнинг тенг шеригига айланади. АҚШ Исроил геноцидига, унинг апартеид давлати сифатидаги шафқатсиз босқини ҳамда минтақавий террорчилик ҳаракатларига ёрдам беряпти. Исроилнинг ғалабаси – яҳудий лоббиси орқали АҚШ ташқи сиёсатини эгаллаб олиши – охир-оқибат уларнинг океан орти давлатидан очиқчасига ўз манфаатлари учун фойдаланишига олиб келиши мумкин.

Австралия ва Янги Зеландия каби давлатлар бошқарувидагилар ҳамда Яқин Шарқнинг бой ҳукуматлари ҳозирги ожиз, милитаристик АҚШга нисбатан бўйсунувчан позициядан воз кечиши ва Ғазодаги геноцидга зудлик билан барҳам беришни талаб қилишлари лозим.

Эуген Дойл, Халқаро муносабатлар бўйича эксперт

 

Мавзуга алоқадор