07.08.2024 11:27
Эроннинг Исроилга ҳужуми кутилаётгани сабабли Яқин Шарқ бозорларида қулаш кузатилди
Яқин Шарқ акция бозорлари Эроннинг яқин кунларда Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотирлар фонида пасайиб кетди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўзининг G-7даги ҳамкасбларига Эрон ва унинг иттифоқчиси Ҳизбуллоҳ 48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида айтгани қулашларга катта ёрдам берган.
Исроил фонд бозори барометри ҳисобланган ТА-35 индекси 3,1 фоизга тушди. Бу февраль ойидан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир. Индекс ўтган ҳафтадаёқ 3.3 фоизга пасайиб, ўтган йилнинг октябридан бери энг катта ҳафталик йўқотишни қайд этганди.
Исроил пул бирлиги ҳисобланган шекелнинг долларга нисбатан курси ҳам 1 фоизга пастлаб, қарийб тўққиз ойлик энг паст даражага тушди. Исроил валютаси олтинчи кундирки кетма-кет пасаймоқда. Миср фунти эса долларга нисбатан 1,6 фоизга тушиб, беш ойлик энг паст кўрсаткичда савдо қилинмоқда.
Ҳужум ҳақидаги хавотирлар нефть нархига ҳам таъсир қилиб, нефть фючерсларини етти ойлик энг паст даражага туширди. Саудия Арабистонининг 2054 йилги доллардаги январь облигациялари 7 кун ичида биринчи марта тушди. Саудия Арабистонининг Tawadul индекси ва Мисрнинг Hermes эталон кўрсаткичи мос равишда 3,7 ва 5,8 фоиз йўқотди.