Эрон Исроилга ҳужум қила оладими?
Исроилнинг Америкада ишлаб чиқарилган F-35 қирувчи самолёти душанба, 1 апрель куни Сурия ҳудудига кириб, Эроннинг Дамашқдаги консулхонаси биносига 6 дона ракета зарбасини берди. Натижада консуллик биноси бутунлай вайрон қилинди, шунингдек, 11 киши, жумладан, 7 нафар эронлик ҳарбий ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг икки нафар юқори лавозимли генерали ҳам бор.
Ҳодисадан
кўп ўтмай Эроннинг Суриядаги элчиси Ҳусайн Акбарий унинг мамлакати “тез,
тўғридан-тўғри ва қатъий” равишда жавоб беришини маълум қилди. Бу каби
баёнотларни кейинроқ мамлакат раҳбарияти ҳам бир неча бор такрорлади. Жумладан,
Эрон олий раҳнамоси Али Ҳумайний:
“Ёвуз сионистик
тузилма ўз жазосини олади ва биз уларни содир этган қилмишларидан пушаймон
бўлишга мажбурлаймиз”, - деди.
Мана,
орадан тўртинчи кун ўтиб бормоқда. Бироқ Эрон ҳали “тез” жавобини бергани йўқ. Ва
биз бундай кун келишини ҳали узоқ кутадиганга ўхшаймиз. Эҳтимол, имом Маҳдий
туғилгунча ёки Исо алайҳиссалом тушгунига қадар. Ҳа, тўғри, Эрон 48 соат ичида
Исроилга жавоб бериши ҳақидаги хабарлар тарқалиб турибди. Эмишки, бевосита Эрон
ҳудудидан Исроилга қаратада учувчисиз учоқлар ва ракеталар учирилар экан.
Исроил армияси
ҳам Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида гапирмоқда. Бироқ
90 миллион аҳолига эга Эрон 9 миллионлик Исроилдан генералларининг қасосини
ололадими? Бунга журъати, имконияти етадими? Ёки ҳар доимгидек, юз минглик
намойишлар ўтказиб, Исроил байроқларини ёқиш ва бақир-чақирлар билан кифояланадими?
Яна бир
синалган йўли бор: Исроилдан ўзининг Сурия, Ироқ, Ливан ва Ямандаги прокси
гуруҳлари орқали кичкинагина қасосини олиши ҳам мумкин. Аммо Исроил Покистон
эмас, ҳужумга қарши дарҳол ҳужум билан жавоб бериш мумкин бўлган. Ахир унинг
ортида бутун бошли АҚШ турибди-ку.
Бунинг
устига, кимсан Исроилнинг додини бериб қўйиш ҳақида гап-сўзлар юрган бир вақтда
мамлакат жануби шарқидаги Чехбехар вилоятида “Жайш ал-Адл” ҳарбийлашган
сунний-балужлар гуруҳи ИИҚКнинг бир қанча базалари, полиция бўлинмалари ва
бошқа объектлар назоратини қўлга олди.
Отишмаларда ИИҚКнинг уч нафар аъзоси ҳалок
бўлди.
Бу
ҳужумлар тасодифми ёки Исроил қўли билан амалга оширилдими – аниқ эмас. Аммо
Эрон ва Исроил ўртасида уруш бўлишини тахмин қилишдан кўра имом Маҳдий ёки Исо
алайҳиссаломнинг келишини кутган маъқулроқ. Бодроқ ва ичимликларингизни эса
бошқа томошаларга олиб қўяверинг.
Санжар
Саид