25.09.2024 12:35

Эрон Исроилга куч ишлатишдан воз кечиши мумкинлигига ишора қилди

Ўтган ҳафтада Ливандаги Ҳизбуллоҳ бир қатор мисли кўрилмаган ҳужумларга учради, баъзиларнинг фикрича, бу гуруҳнинг сўнгги қирқ йилликдаги энг чуқур инқирозига сабаб бўлган.

Биринчидан, бутун мамлакат бўйлаб гуруҳ аъзолари ўртасида алоқа қурилмалари – пейжерлар ва рациялар портлай бошлади, натижада ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди. Бунинг ортидан Ҳизбуллоҳ нишонларига Исроил ҳаво ҳужумлари уюштирилди ва юқори мартабали қўмондонларни йўқ қилди. Бошқача айтганда, гуруҳ 2006 йилда Исроил билан урушдан бери энг оғир қон тўкилишини бошдан кечирмоқда.

Ҳизбуллоҳ Исроилга душман бўлган минтақавий қуролли гуруҳлар коалицияси бўлган Қаршилик ўқи деб аталадиган энг йирик жангари гуруҳдир. У кўпинча "дунёдаги энг кучли нодавлат армия" деб аталади. У ўз мавжудлигининг бошиданоқ Эроннинг тўлиқ ва қатъий ёрдамидан баҳраманд бўлди.

Кўпчилик Ҳизбуллоҳ тузилмасига жиддий путур етказган Исроилнинг мисли кўрилмаган кучли зарбалари Эроннинг янада қатъий жавобини келтириб чиқаришини кутган эди. Бироқ бундай реакция ҳали кузатилгани йўқ.

Эроннинг узоқ вақтдан бери Ҳизбуллоҳ унинг "қизил чизиғи" эканлиги ва Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроил "барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини" айтганига қарамай, Эрон ҳозиргача на босиқлик, на тажовузкор жавоб аломатларини кўрсатмади.

Ҳатто Эроннинг Исроилдан қасос олиш ҳақидаги одатда оловли риторикаси ҳам бу сафар сезиларли даражада босиқ бўлди.

Эрон расмий шахслари нималар демоқда?

Эроннинг позицияси ҳақидаги фикрни Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этган мамлакат президенти Масуд Пезешкианнинг яқинда берган изоҳларидан билиб олиш мумкин.

Америкалик журналистлар билан учрашув аудиоёзувига кўра, Пезешкиан ноодатий баёнот берган бўлиб, Исроил ҳам шундай қилса, Эрон ҳарбий куч ишлатишдан бош тортиши мумкинлигини ифода этди.

Бу Эроннинг икки ойдан камроқ вақт олдин Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилиши ортидан Исроилга қаттиқ жавоб беришга ваъда берган пайтдаги позициясидан кескин фарқ қилади.

Нью-Йоркда муроса оҳангига ўтиш шу қадар сезиларли бўлдики, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи Эрон Исроил билан деэскалация (кескинликни пасайтириш)га тайёрлиги ҳақидаги хабарларни кескин рад этишга шошилди.

Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда мамлакат вице-президенти бўлган Муҳаммад Жавод Зариф ижтимоий тармоқларда Пезешкианни қўллаб-қувватлаб, президент ҳақиқатда “Исроил жиноятларини” қоралаганига ишора қилиб, Эронни минтақада тинчлик учун курашувчи ва ядровий қуролсизланиш тарафдори сифатида кўрсатганини таъкидлади.

Зариф Исроилни Эроннинг ниятлари ҳақида "хавфли ва ёлғон ривоят"ни тарғиб қилишда айблаб, Эрон Исроилнинг даъволарига зид равишда уруш қилмоқчи эмаслигини таъкидлади.

Пезешкианнинг ўзи америкалик журналистлар билан суҳбатда: "Биз урушни хоҳламаймиз", дея аниқ таъкидлаб, Исроилни Эронни можарога тортиш учун тузоқ қўйганликда айблади, унинг фикрича, бу можарода ғолиблар бўлмайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.