16.01.2024 13:36

Эрон Эрбилдаги "Моссад" қароргоҳига ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРК) Ироқ Курд минтақавий маъмуриятининг маъмурий маркази Эрбил шаҳридаги Исроил ташқи разведка хизмати “Моссад” қароргоҳига баллистик ракета ҳужумлари уюштирганини маълум қилди.

“Эрон террорчи гуруҳлар ва жосусларнинг минтақадаги қароргоҳларига баллистик ракета ҳужумлари доирасида Эрбилдаги Исроил ташқи разведка агентлиги “Моссад” қароргоҳига ҳам баллистик ракеталар билан зарба берди”, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳужум Исроил томонидан ИРК кучлари қўмондонлари ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган исёнчи гуруҳлар қўмондонларини ўлдиришига жавоб бўлган.

Шунингдек, ИРК томонидан Суриядаги ИШИИД террор ташкилотига тегишли объектларга ҳам баллистик ракеталар билан ҳужум қилинган.

Қайд этилишича, ҳужумлар Эроннинг Кирман шаҳрида ИШИД томонидан худкуш-террорчи иштирокида уюштирилган теракт, Раск шаҳрида хавфсизлик кучларига қилинган ҳужум ва ИРК қўмондонларидан бири Сайид Рази Мусавининг Сурияда ўлдирилишига жавоб бўлган.

Аввалроқ Эрбилнинг бир қатор ҳудудларига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Маҳаллий ОАВ портлашлар Эрбилдаги АҚШ бош консуллиги, Эрбил халқаро аэропорти яқинида жойлашган ИШИДга қарши халқаро коалиция базаси ҳудудларида, шунингдек, шаҳарнинг бошқа жойларида содир бўлганини қайд этди.

Маълум қилинишича, АҚШнинг Элбилдаги консулхонаси тўлиқ вайрон бўлган.

Ҳужумлар натижасида 4 киши ҳалок бўлди, 6 киши жароҳатланди. Жумладан, курд ишбилармони, “Моссад” билан яқин алоқада бўлган Пешрав Дзейи ИРК ҳужуми натижасида ҳалок бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, унинг уйига 4 та қанотли ракета тушган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.