04.05.2024 08:15

Эрдўған: Туркия 9,5 миллиард долларлик айланмасига қарамай, Исроил билан савдони тўхтатди

Туркия икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 9,5 миллиард долларга етганига қарамай, Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатди.

Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда жума намози якунида журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.

"Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 9,5 миллиард долларни ташкил этди. Шунга қарамай, Туркия бу эшикни ёпди”, деди Туркия раҳбари.

Президент Эрдўған, шунингдек, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг Ғазо билан боғлиқ ҳаракатлари Туркия ва Исроил ўртасида юзага келаётган яқинлашишнинг олдини олганини таъкидлади.

Хусусан, у 7 октябрь воқеаларидан сал олдин Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган Исроил бош вазири билан музокараларини эслади.

"Аммо Нетаняху болалар, аёллар ва қарияларга нисбатан шафқатсизлигини кўрсатди", деди Эрдўған.

Шу билан бирга, Туркия раҳбари Исроил Ғазо секторида Ғарб давлатлари, биринчи навбатда, АҚШ кўмагида агрессия содир этаётганига эътибор қаратди.

Давлат раҳбари Ғазо секторидаги мавжуд вазиятни сақлаб қолишга йўл қўйилмаслигини ва Фаластин анклавида содир бўлаётган воқеалар олдида жим турмаслигини қўшимча қилди.

“Бугунгача Исроил 40-45 минг фаластинликни шафқатсизларча ўлдирди. Биз мусулмонлар бўлаётган воқеаларни жимгина кузатиб туришимиз ақлга сиғмайди”, деди у.

Аввалроқ Туркия Савдо вазирлиги Исроил билан савдо алоқаларини бутунлай тўхтатганини маълум қилганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.