07.10.2024 08:07

Экзитпол: Қозоғистонликлар АЭС қурилиши учун рози бўлди

6 октябрь куни Қозоғистонда атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 63,87 фоизи қатнашган. Марказий коммуникациялар хизмати сайтида экзитпол (exit poll) натижалари эълон қилинди.

Остона (ИССИ «СОСИС-А») кенг қамровли ижтимоий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган экзитпол натижаларига кўра, сўровда қатнашган сайловчиларнинг 69,8 фоизи Қозоғистонда АЭС қурилишини ёқлаб овоз берган, 30,2 фоизи эса бунга рози эмас.

Хусусий фонд таҳлилчиси Алибек Тажибаевнинг айтишича, узлуксиз оқим методологиясидан фойдаланган ҳолда Қозоғистондаги 189 та сайлов участкасида 283 519 нафар фуқаро овоз берган. Улар референдум доирасида қўйилган “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” деган саволга жавоб беришган.

Эхкзитпол натижалари қуйидагича: овоз беришда иштирок этган сўровда қатнашган фуқароларнинг 69,8 фоизи АЭС қурилиши учун «маъқул» овоз беришини айтди. Сўров иштирокчиларининг 30,2 фоизи ўз норозилигини билдирган. Сайлов участкаларида сайловчиларнинг 67,3 фоизи иштирок этди. Маълумотларнинг социологик хатоси ± 1,5 фоизни ташкил этади”, - дейди Алибек Тожибаев.

Евроосиё интеграцияси институти ҳам Zakon.kz сайти буюртмаси билан тадқиқот ўтказди. Тадқиқот 250 та объектни қамраб олди, улардан 159 таси шаҳарларда, 91 таси қишлоқларда. 30 546 киши сўровда қатнашди. Тадқиқот натижаларининг хатоси 1% дан ошмайди. Ушбу экзитпол натижаларига кўра, Қозоғистонда АЭС қурилиши учун 71,8 фоиз иштирокчилар «маъқул» деб овоз берган бўлса, 28,2 фоизи қарши овоз берган.

«Аманат» партияси Жамоатчилик сиёсати институти экзитполи маълумотларига кўра, 300 та сайлов участкасида фуқароларнинг 72,3 фоизи АЭС қурилишини ёқлаб, 27,7 фоизи эса қарши овоз берган. Сўровда 44160 киши иштирок этди.

Мамлакат Марказий сайлов комиссияси овоз бериш учун 12 миллион 244 минг 683 нафар фуқарони рўйхатга олган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, овоз бериш ҳуқуқига эга 7 820 918 нафар қозоғистонлик (электоратнинг 63,87 фоизи) конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, хориждаги референдум ўтказувчи 74 та участка комиссияларининг барчаси ўз ишини якунлаган. 59 давлатда овоз берган Қозоғистон фуқароларининг умумий сони 9976 кишини ташкил этди.

Референдумнинг якуний натижалари 7 кун ичида эълон қилинади.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.